Спорт | 20:31 / 20.09.2024
3984
2 дақиқада ўқилади

Олимпия шаҳарчаси ҳудудида хоккей мажмуаси қурилиши мумкин

Президент Шавкат Мирзиёевга спорт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболли режалар тўғрисида ахборот берилди.

Қайд қилинишича, аввало, йиғилишда оммавий спортни ва олимпия ҳаракатини янада кенгайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари томонидан спорт турлари бўйича фойдаланилмаган имкониятлар яна бир бор танқидий таҳлил қилинди.

Мисол учун, Олимпия ўйинларида енгил атлетика бўйича 48 та, сув спорти турларида 49 та дастур мавжуд. Лекин вакилларимиз уларда 5 ва 4 та йўлланма билан қатнашди, холос. Теннис, ўқ отиш, гимнастика, велоспорт бўйича федерациялар ҳам, шароит ҳам бор. Юнон-рум кураши, от спорти, қиличбозлик, эшкак эшиш бўйича ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўп. Чим устида хоккей, баскетбол, гандбол, регби, сув полоси каби жамоавий спорт турларини ҳам ривожлантириш зарурлиги қайд этилди. Мазкур спорт федерациялари ишини жонлантириш, ўқув-машғулотлар тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгиланди.

Олимпия ва паралимпия ҳаракати оммавий спортдан куч олиши таъкидланиб, маҳаллаларда селекция ишларини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни профессионал этиб тарбиялаш бўйича кўрсатмалар берилди.

2025 йил Ўзбекистонда ёшлар ўртасида Осиё ва Параосиё ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун Тошкентда Олимпия шаҳарчаси барпо этилмоқда. Осиё ўйинларидан сўнг, Олимпия шаҳарчаси инфратузилмасидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун «Ақлли шаҳар» концепциясига асосланган маъмурий бошқарув ташкил этилади. У спорт мажмуаларини сақлаш, жиҳозлар ва техник тизимлар ҳолатини кузатиб бориш, зарур ҳолларда таъмирлаш билан шуғулланади.

Хоккейни ривожлантириш, кейинчалик Олимпия шаҳарчаси ҳудудида хоккей мажмуасини қуриш бўйича таклифлар билдирилди.

Давлат раҳбари аҳолини жимоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этиш, халқаро мусобақаларга тизимли тайёргарлик кўриш бўйича топшириқлар берди.

Мавзуга оид