Спорт | 18:25 / 29.10.2016
9776
2 дақиқада ўқилади

АҚШ Давлат котиби ўринбосари Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциациясида бўлди

Жорий йилнинг 28-29 октябр кунлари Америка Қўшма Штатлари давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон Ўзбекистонга ташриф буюргани ҳақида хабар қилинган эди.

Америкалик юқори лавозимли меҳмон сафар дастурига биноан, 29 октябр куни Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси билан танишди. Ташриф чоғида Т.Шеннон Ассоциациянинг янги биноси ва спорт иншоотлари (спорт заллари, футбол майдони, сув ҳавзаси) билан танишди ҳамда Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ХV Паралимпия ўйинларида ғолиб бўлган ўзбекистонлик паралимпия спортчилари билан учрашув ўтказди. 

Учрашув давомида ўзбек паралимпия спортчилари меҳмон билан суҳбатда Паралимпия ўйинларида олган таассуротлари билан ўртоқлашиб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан уларга қўлга киритган улкан ютуқлари учун кўрсатилган эътибор ва моддий рағбатлантириш ҳақида сўзлаб беришган. 

Учрашув якунида Т.Шеннон Ассоциациянинг музейида жойлашган экспонатлар билан танишиб, меҳмонлар дафтарига ўз тилакларини ёзиб қолдирди, деб хабар қилмоқда Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассациацияси матбуот хизмати.

Ушбу тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати, Ўзбекистон Республикаси Ташқи Ишлар Вазирлиги, Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитаси, Ўзбекистон Миллий Паралимпия Ассоциацияси вакиллари ҳамда Ўзбекистондаги Америка Қўшма Штатлари элчиси иштирок этдилар.

Мавзуга оид