Жаҳон | 08:37 / 02.11.2016
7751
2 дақиқада ўқилади

Италиялик архитекторлар Колизей қулаши мумкинлигидан огоҳлантиришмоқда

Фото: tjournal.ru

Римнинг энг диққатга сазовор жойларидан бири – Колизейнинг кузатувчиси Франческо Просперетти Италияда яқинда юз берган зилзила оқибатида қадимий обиданинг қулаши мумкинлигидан хавотир билдирди. Таъкидланишича, "янги дунё мўъжизаларидан бири" яна бир зилзилага дош беролмай, ўзининг икки минг йиллигигача етиб бормаслиги мумкин.

Просперетти Corriere della Sera нашрига берган интервьюсида ҳар бир янги зилзила икки минг йиллик иншоотга борган сари хавфли юклама туғдираётганини, ундаги ёриқлар катталашаётганини маълум қилди. 

Унинг айтишича, 30 октябрда Колизей текширувдан ўтказилган, унинг якунларига кўра унинг бир қисмини ташриф буюрувчиларга ёпишга қарор қилинган. Бинонинг бошқа қисми, яъни Форум, Пантеон ҳамон очиқлигича қолмоқда.

Археолог Алессандро Д'Алессио қадимги римликлар Италиядаги сейсмологик вазиятдан хабардор бўлишгани ва улар биноларни шуни ҳисобга олиб қуришгани ҳақидаги фикрни айтиб ўтди. 

Қурилиши 80-йилда битказилган Колизей ўз тарихида бир неча зилзилаларни бошдан кечирган. 1349 йилдаги бундай зилзилалардан бири оқибатида иморатнинг жанубий қисми қулаб тушган, 1703 йилдаги зилзила ҳам унга анчагина талофат етказганди.

 

Мавзуга оид