Light | 21:01 / 12.11.2016
35497
3 дақиқада ўқилади

Ўқувчиларнинг хотирасида бир умрга муҳрланиб қолган вазифа

Фото: Getty Images

Бир неча йил аввал «Ридерз Дайжест» журналида бир ажойиб ўқитувчи аёл ҳақида мақола пайдо бўлганди - унинг кичик топшириғидан кейин ўқувчилар ўз кучларига ишона бошлашган. Ҳар қандай инсонни руҳлантирувчи доно сабоқларни сизлар билан бўлишишга қарор қилдик. 

Миннесота штатида яшовчи математика ўқитувчиси ўқувчиларига шундай вазифа берди: синф рўйхатини тузиш, ҳар бир боланинг хулқ-атворидаги ўзингизга ёққан томони ҳақида ўйлаб кўринг ва бу сифатни унинг фамилияси қаршисига ёзинг. Дарснинг охирида у ўқувчилардан бажарилган вазифаларни йиғиб олди. Ўша куни жума эди. Дам олиш кунлари аёл барча натижаларни таҳлил қилиб чиқди ва душанба куни ҳар бир ўқувчига синфдошларининг у ҳақидаги ижобий фикрларини ёзиб тарқатди. Ўқувчилар уларни ўқий бошлашди, у ер-бу ердан пичирлаган овозлар эшитилди: "Наҳотки, буларнинг барчаси мен ҳақимда? Мени бундай яхши кўришларини билмас эдим". Улар натижаларни синфда муҳокама қилишмади, лекин ўқитувчи мақсадига эришгани ва ўқувчиларнинг ўзига бўлган ишончи ортганини айтди.

Йиллар ўтиб, ўқувчилардан бири - Марк Экланд Вьетнамда ҳалок бўлди. Уни ўз ватани, Миннесотада дафн қилишди. Марк билан хайрлашишга унинг дўстлари, синфдошлари, ўқитувчилари келишди. Дафн маросимида унинг отаси математика ўқитувчисининг ёнига яқинлашди: "Мен сизга бир нарса бермоқчиман, - у кармонидан тўрт букланган қоғозни олди. Кўринишидан у кўп марта очиб ўқилганди. - Буни Маркнинг кийимлари ичидан топишди, у бу қоғоз билан ажралмасди. Танияпсизми?" Бу Маркнинг ижобий хислатлари битилган қоғоз эди. 

— Сизга катта раҳмат, - деди Маркнинг онаси. — Ўғлимиз буни жуда қадрлар эди. 

Шу пайт кутилмаган воқеа содир бўлди: Маркнинг синфдошлари кетма-кет ижобий хислатлари ёзилган  қоғозларини ола бошлашди, кўпчилик ўзининг ижобий хислатлар рўйхатини ёнида олиб юрарди, кимдир уни оилавий альбомда сақлар эди. Улардан бири шундай деди: "Бу рўйхатларни барчамиз сақлаб қўйганмиз. Шундай нарсани ташлаб бўладими?"

 

Мавзуга оид