Жаҳон | 08:27 / 17.12.2016
13528
2 дақиқада ўқилади

Дамашқда теракт амалга оширган боланинг ёши маълум қилинди

Фото: AP

Дамашқда полиция бўлимида портлашни содир этган бола 7-8 ёшли қизча бўлган, деб хабар берган Дамашқ ҳуқуқ-тартибот муассасалари.

"Тахминларча, қиз устидаги портловчи қурилма ҳаракатга келтирилган. Оқибатда қизча ҳалок бўлган, бир полициячи жароҳат олган", деб айтилган хабарда. 

Полицияда таъкидланишича, 7-8 яшар қизчани Дамашқнинг Ал-Мидан туманидаги полиция бўлимига соат 16.20да номаълум кимса олиб келган. Хабарда айтилишича, қизча полиция бўлимига келиб, "ота-онасини йўқотиб қўйгани ва йўлни билмаслигини айтган". "Шундан кейин уни тафсилотларни ўрнатиш учун бўлимга олиб киришган. У ҳожатхонага бормоқчилигини айтган ва у ерда портлаш юз берган", дейилмоқда хабарда.

ТАСС ахборот агентлиги мухбирига маълум қилинишича, қизча нима юз беришидан бехабар бўлган, ундаги портловчи қурилма масофадан ҳаракатга келтирилган.

"Қизча жасади бинода ётибди. Тахминларча, ундаги портловчи қурилма масофадан ҳаракатга келтирилган. Қизчадан фойдаланган бўлишлари мумкин", деб айтилди хабарда.

Ушбу ҳодиса теракт сифатида таснифланган.

Рақиб исмли полиция сержанти "айни вақтда полиция ходимлари фожианинг барча тафсилотларини аниқлашга қаратилган бир қатор тергов ҳаракатларини ўтказаётганларини" айтган. "Портлаш оқибатида узоқ йилдан бери ҳуқуқ-тартибот муассасаларида хизмат қилаётган полициячи жароҳат олди, қолган жабрланганлар йўқ", деб айтган полициячи.

Полиция бўлимидаги портлаш унинг 2-қаватида юз берган. Портлаш оқибатида ички хоналардан бирининг девори буткул вайрон бўлган. Ҳозирда полиция бўлими атрофида  бетон тўсиқлар қўйилган.

 

Мавзуга оид