Спорт | 18:09 / 10.01.2017
6887
2 дақиқада ўқилади

Европа клублари ассоциацияси ФИФА қарорига қарши чиқди

Европа клублари ассоциацияси (ECA) ФИФА томонидан жаҳон чемпионати иштирокчилари сони оширилишига нисбатан норозилик билдирди ва бу қарорни сиёсий қарор деб атади.

Сешанба куни Цюрихда ФИФА кенгаши бир овоздан жаҳон чемпионати иштирокчилари сони 2026 йилдан эътиборан ҳозирдагидек 32та эмас 48та бўлиши ҳақида қарор қабул қилди.

"ECA жаҳон чемпионати иштирокчилари сони оширилганидан норози. Бизнингча бу қарор сиёсий тус олган ва унда спортга оид сабаблар йўқ. Бу қарор сиёсий босим остида қабул қилинган, бу афсусланарли.

32 жамоа иштирокидаги мусобақа ўзини ҳар томонлама оқлаган. Унинг ўзгартирилиши ҳеч қандай афзалликка эга эмас. Бундан ташқари, мусобақа бошланишига 9 йил қолганида бундай ислоҳотни тезкорлик билан амалга оширилиши ва унинг иштирокчилари фикрини инобатга олинмаслиги бизни ҳайрон қолдирмоқда", - дейилган ECA сайти хабарида.

Шунингдек, ECA бу қарорнинг таъсири ва эҳтимолий оқибатларини таҳлил қилиб чиқиши ва ташкилотнинг январь ойи охирида ўтказиладиган навбатдаги мажлисида бу масалани ўртага ташлаши айтилган.

Мавзуга оид