Ўзбекистон | 19:27 / 23.01.2017
26774
8 дақиқада ўқилади

Эркин иқтисодий зоналар ҳам маъмурий буйруқбозлик ва қоғозбозликдан холи эмас

Маъмурий-буйруқбозликнинг ортиқча машмашалари, электр ва газ таъминотидаги узилишлар ва бошқа муаммолардан эркин иқтисодий зоналарда фаолият юритувчи тадбиркорлар ҳам холи эмас. Бу каби муаммолар ҳақида Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ошкора сўз юритилди. Юқорида қайд этилган муаммолар, Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланган «„Ургут“, „Ғиждувон“, „Қўқон“ ва „Ҳазорасп“ эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида»ги фармонидан сўнг янада долзарблик касб этмоқда. Бу ҳақда Gazeta.uz сайти ёзмоқда.  

Ўзбекистон бизнеси вакилларининг фикрича, янги ЭИЗларга сармоядорларни жалб қилиш учун, даставвал мавжудларидаги (Ўзбекистонда «Навоий», «Жиззах» ва «Ангрен» ЭИЗлари фаолият юритади) муаммоларни бартараф этиш даркор. 2016 йил октябрь ойида Давлат раҳбарининг «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» фармони билан аввалги имтиёзлар бекор қилинган. Бу ҳақда божхона рўйхатидан ўтказиш бўйича навоийлик мутахассис Юнус Отабоев маълум қилган.

«Президент фармони чиқди, у аслида бизнинг фаолиятимизга ижобий таъсир кўрсатиши лозим эди. Бироқ, ҳужжат чиқиши билан биздан божхона тўловлари ва солиқларни тўлиқ ҳажмда талаб қила бошлашди. Янги меъёрий ҳужжатлар чиқса, улар ёки ишламайди, ёки бошқа ҳужжатларга зид келади. Сиздан Навоийга келиб, маҳаллий тадбиркорларнинг муаммоларини тинглашни сўраймиз», — дея таклиф билдирган Отабоев.

Давлат божхона қўмитаси бўлим бошлиғи Жасур Саидалиев бундай ҳолатлар мавжудлигини тан олган. Фармон бандларидан бирида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган хом ашё ва ускуналар, материаллар божхона тўловларидан озод қилиниши ҳақида сўз боради. Бироқ, айни рўйхатнинг мавжуд эмаслиги сабаб, божхона органлари тадбиркорларга имтиёзларни тақдим эта олмаяпти. ДБҚ вакилининг айтишича, ҳужжатга яқинда тузатишлар киритилган, улар тез орада кучга киради. Ортиқча харажатлар эса эгаларига қайтарилади.

Умуман, йиғилишда «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» вакилларига энг кўп танқид ёғилди. «Ўзвиносаноатхолдинг» вакили Темур Таштановнинг сўзларига кўра, ишлаб чиқарувчилар учун энг долзарб муаммо бу — электрэнергияси ва газни узлуксиз етказиб бериш бўйича кафолатнинг йўқлигидадир.

«Биз бу масалада тез-тез муаммоларга дуч келамиз. Масалан, маҳсулот ишлаб чиқариш жараёни ўртага етганида ёруғлик манбаи ўчади. Уч кундан кейин масала ҳал, аммо, маҳсулот ҳам яроқсиз ҳолга келиб бўлади. Бунда етказилган зарар учун ҳеч ким жавобгарликни зиммасига олмайди. Бизга ҳар сафар масъулиятни ҳал қилиб бериш эмас, бу муаммо умуман бўлмаслиги керак», — деган Таштанов.

ССП раиси Алишер Шайхов бизнес-жамиятларни бу каби камчиликлар ҳақида очиқча гапиришга чақириб, газ ва электрэнергияси етказиб берувчи компанияларга сармоядорлар эътиборини чалғитаётган муаммоларни тезроқ ҳал қилиш вазифасини топширган.

Lochin Asbob-Uskuna компанияси директори маслаҳатчиси Хуршид Бўриев, ўз навбатида, ЭИЗларда лойиҳани амалга ошириш жараёнини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди. Бунда ер ажратишдан то бинони қуришгача бўлган ҳолат танқидий баҳоланиши керак. Унинг айтишича, керакли ҳужжатларни тўплашга олти ой вақтини сарфлаган, аммо ишни бошлашнинг иложи бўлмаяпти.

«ЭИЗ маъмуриятининг ер участкасини ажратиш бўйича қарорини олиш учун 20та идорадан қоғоз тўплаш керак. Бу жуда катта куч талаб қилади. Мисол учун, лойиҳани тузиш ва экспертизадан ўтказиш учун экологик назорат бошқармасида 48 кун йўқотилди. Қонун бўйича 30 кун ёзилган. Яна бир масала бу техник шарт-шароитларга эга бўлиш масаласи — аниқроғи, газ ва электрэнергиясига бўлган лимитни аниқлаш билан боғлиқ. Лойиҳа институти бизга 120 кВт электроэнергияси кераклигини айтган бўлса, ҳудудий электр тармоғи корхонаси 40 кВтга ваъда бермоқда. Газ билан ҳам шу аҳвол. Биз битта муҳрни олиш учун катта вақт йўқотамиз. Кўплаб қонун ва фармонлар қабул қилинган. Аммо, улар ҳаётга татбиқ этилмайди. Агар вазият ўзгармаса, янги ЭИЗдаги тадбиркорларга ҳам осон бўлмайди», — деган Бўриев.

Алишер Шайховнинг ойдинлик киритишича, аслида, бу каби масалалар билан тадбиркорлар эмас, ЭИЗлар дирекцияси шуғулланиши керак. Шунга кўра, унинг огоҳлантиришича, эндиликда, ҳар бир бошқарув органлари ноқонуний ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги учун жавоб беради ва етказилган зарарни қоплайди.

«Ангрен» ЭИЗда тадбиркорлик билан шуғулланувчи Қаҳрамон Арзиев мамлакатда тадбиркорлик билан шуғулланишни соддалаштириш учун иккита таклифни илгари сурди. Биринчисига кўра, давлат ва хусусий сектор ўртасида кўприк вазифасини бажарувчи тузилма бўлиши керак. У тадбиркорлар муаммоларини зудлик билан амалий ҳал қилсин. Иккинчидан, корхоналарга ўзига хос паспорт тизимини жорий қилиш керакки, у банклар томонидан сўраладиган «бир уюм қоғозлар» ўрнини боссин.

Бунга жавобан, Иқтисодиёт вазирлиги вакили Шоҳруҳ Сафаров, қоғозбозликка барҳам берувчи ва янги корхоналар ташкил этиш вақтини қисқартирувчи онлайн-тизим устида иш олиб борилаётгани ҳақида маълум қилди.

«Auto Pad Systems» қўшма корхонаси асосчиси Асад Ҳикматов маҳаллий хом ашёни олишдаги мураккабликлардан шикоят қилди.

«Биз икки йилдан бери фаолият юритаётган бўлсак-да, ҳозирча экспорт қила олганимиз йўқ. Шу пайтгача хом ашёни 100 фоиз Хитойдан келтирар эдик. Транспорт харажатлари сабабли хом ашё таннархи Хитойда ишлаб чиқариладиган тайёр маҳсулотга деярли тенглашиб қолди. Биз 20 фоиз хом ашёни Ўзбекистонда харид қилиш бўйича келишувга ҳам эришдик. Бу рақамни 80 фоизгача етказиш имконияти ҳам бор. Аммо, бунинг учун олимларнинг кўмаги керак», - деган Ҳикматов.

Бу масалани мажлисда иштирок этганларнинг бир неча нафари ҳам қайд этишди.

ССП раиси ўринбосари в.б. Назира Дадаханова корхоналар ва университетлар ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг етарли ҳамкорлиги йўлга қўйилмаганини тан олди ва юзага келган вазиятни ҳал этишда ёрдам беришга ваъда берди.

Бундан ташқари, давлат органлари вакиллари қабул қилинган фармон ва меъёрлар ижросини муҳокама қилиш ва ЭИЗларда фаолият юритаётган компанияларнинг фикрларини бевосита билиш бўйича ишчи гуруҳлар шаклида минтақаларга чиқади.

Марказий банк вакили Адҳам Ражабовнинг қайд этишича, эндиликда, банклар нафақат лойиҳаларни кредит ажратиш йўли билан молиялаштиради, балки уларни амалга оширишда бевосита иштирок этади.

Шу билан бирга, ЭИЗлар иштирокчиларига ҳам айрим танқидий фикрлар билдирилди. Хусусан, ССП раиси Алишер Шайхов мазкур зоналарда жойлашган корхоналар ўртасида ўзаро ҳамкорлик мавжуд эмаслигини қайд этди. Рақобатбардошлик пастлиги сабаб, айрим корхоналар, тақдим этилаётган имтиёзларга қарамай, маҳсулотларини хорижга сота олмаяпти.

ССП мажлисга хулоса қилар экан, ҳақиқатдан ҳам маъмурий-буйруқбозлик мамлакатни тараққиёт сари улкан қадам ташлаш имкониятидан маҳрум этишини таъкидлаган. Бу иллатни йўқотиш учун эса, хусусий секторнинг ёрдами керак. Улар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан чарчамасликлари ва давлат органлари томонидан содир этилаётган қонунбузарликларни ошкора айтишлари лозим.

Мавзуга оид