Ўзбекистон | 16:07 / 03.12.2024
8065
2 дақиқада ўқилади

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига янги раҳбар тайинланди

Учқудуқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Шакаров Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига раҳбар бўлди. Ушбу лавозимда фаолият юритиб келган Мерей Омонбоева олдинроқ суд ҳукми билан жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилганди.

Фото: Савдо-саноат палатаси

Шакаров Дилшод Эсанович Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбари сифатида иш бошлади. Бу ҳақда Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Дилшод Шакаров 1975 йил йилда Самарқанд шаҳрида туғилган. 1999 йилда Самарқанд кооператив институтини, 2009 йилда Самарқанд давлат университетини, 2024 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини тугатган. У 2018-2019 йилларда ҳам Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган.

Дилшод Шакаров тайинловга қадар Учқудуқ туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбари сифатида Мерей Омонбоева фаолият юритиб келаётган эди. У олдинроқ суд ҳукми билан жуда кўп миқдорда фирибгарлик жиноятини содир қилганликда айбли деб топилганди. Ҳукмга кўра у Навоий шаҳар ҳокими номидан фойдаланиб, тадбиркорнинг кўп миқдордаги пулини қўлга киритган ҳамда ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

Мавзуга оид