Жаҳон | 11:20 / 08.02.2017
5789
2 дақиқада ўқилади

CNN: Трамп матбуот котибидан норози ва унга ўринбосар қидирмоқда

фото: Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп ўз матбуот котиби Шон Спайсернинг ишидан қониқиш ҳосил қилмаяпти ва Оқ уй маъмуриятининг коммуникациялар директори лавозимига янги номзод қидирмоқда. Бу ҳақда CNN телеканали ўз манбаларига асосланган ҳолда хабар қилмоқда. 

Айни вақтда Спайсер матбуот котиби ва коммуникациялар директори вазифасини уддалашга ҳаракат қилмоқда. Одатда, бу лавозимларни икки киши эгаллайди, деб хотирлайди CNN.

"Дональд Трамп Спайсернинг илк икки ҳафтадаги ишидан кўнгли тўлмаяпти", — дея қайд этган телеканал.

Спайсер узоқ вақтдан бери АҚШ Республикачилар партиясида фаолият юритади ва партиянинг собиқ раиси, ҳозирда Оқ уй аппарати раҳбари Ринс Прибаснинг яқин сафдоши ҳисобланади. 

"Ходимларни танлаш жараёнига яқин манбаларга кўра, Трамп Оқ уйнинг эҳтимол энг обрўли лавозимларидан бири учун Спайсерни танлагани сабабли Прибасдан норози", — деб хабар қилмоқда CNN.

Таъкидлаш жоизки, CNN Оқ уй маъмуриятининг энг ёқтирмаган ОАВдан бири ҳисобланади. Трампнинг ўзи ушбу телеканал билан доимий равишда ахборот урушини олиб боради ва уни "сохта янгиликлар канали" деб атайди. Бунга жавобан, телеканал ҳам президентни танқид қилишдан чарчамайди. 

Ўз навбатида, Спайсер ОАВ билан муносабатларни аниқ қоидалар асосида олиб боришга уринади. Бундай ҳолат АҚШ мулозимлари ва сиёсатчиларига хос бўлмаган ишдир. Хусусан, у биринчи матбуот брифингида қисқа чиқиш қилгач, журналистларнинг саволларига жавоб бермай, зални тарк этган эди. 

Мавзуга оид