АҚШ Украинага 1,25 млрд долларлик ёрдам пакетини тайёрламоқда
Навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетининг ажратилиши 30 декабр куни Вашингтонда расман эълон қилинади. Пакетга артиллерия снарядлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракеталар ва "Стингер" кўчма ЗРК киради.
Қўшма Штатлар Россия агрессиясини қайтариш учун Украинага тахминан 1,25 миллиард долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини тайёрламоқда. Бу ҳақда 27 декабр, жума куни AP агентлигига анонимлик шарти билан икки америкалик амалдор маълум қилди. Уларга кўра, бу ҳақда 30 декабр куни расман эълон қилинади.
Бошқа нарсалар қаторида, пакетга 155 ва 105 миллиметр калибрдаги кўп сонли артиллерия снарядлари, "Стингер" кўчма ЗРК учун ракеталар, HAWK ва NASAMS ҳаво мудофаа тизимлари учун ўқ-дорилар киради.
Агентлик таъкидлаганидек, Жо Байден маъмурияти 20 январга белгиланган президентликка сайланган Доналд Трампнинг қасамёд қилишига қадар Пентагон захирасидан Украинага берилган 5,6 миллиард долларлик ҳарбий ёрдамнинг қолган барча маблағларидан фойдаланишга улгурмаслиги мумкин. Жорий ҳафта Байден Мудофаа вазирлигига Киевга қурол етказиб беришни кўпайтиришни давом эттириш бўйича кўрсатма берди.
Бундан ташқари, Пентагон маълумотларига кўра, Вашингтонда Украина хавфсизлигига кўмаклашиш ташаббуси орқали узоқ муддатли молиялаштириш учун тахминан 1,2 миллиард доллар қолган. Бу маблағлар бир йил ва ундан кўпроқ вақт давомида етказиб бериладиган қурол-яроғлар бўйича шартномаларни тўлашга сарфланади. Расмийларнинг таъкидлашича, маъмурият бу пулларнинг барчасини календар йили охиригача бериши кутилмоқда.
Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради
Япония ҳукумати Россиянинг музлатилган активларидан тушган даромад ҳисобидан Киевга яна 3 миллиард доллар ўтказади. Бу ҳақда 25 декабр куни Украина президенти Володимир Зеленскийнинг Япония бош вазири Шигеру Ишиба билан телефон суҳбатидан сўнг маълум қилди. Бир ой олдин Токио G7 мамлакатлари ташаббуси доирасида Украинага худди шундай миқдорни ажратган эди: у Киевга Россия активлари гарови билан умумий қиймати 50 миллиард доллар миқдорида кредит беришни назарда тутади.
Зеленский Шигеру билан суҳбатда Япония ҳукумати ва халқига «минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш имконини берувчи умумий қиймати 12 миллиард долларлик йирик гуманитар ва молиявий ёрдам учун» миннатдорчилик билдирди. Шунингдек, у Япония бош вазирига 25 декабрга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина энергетика инфратузилмасини оммавий равишда ўққа тутгани ҳақида гапирди.
Япония Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳужуми бошидан бери Киевга молиявий, гуманитар ва ноҳарбий ёрдам кўрсатиб келмоқда.
Мавзуга оид
21:05
Зеленский: Путин Словакия бош вазирига Украинага қарши «иккинчи энергетика фронти» очишни буюрди
15:55
"Ҳамкор бўлмасак, нимани йўқотамиз?" – Ўзбекистоннинг BRICS’даги иштироки ҳақида суҳбат
09:31
ГУР: Дронлар Украина чегарасидан 2000 км узоқликдаги нишонларга ҳужум қила олади
07:50