Жамият | 12:55 / 19.02.2017
15697
2 дақиқада ўқилади

Андижонда «Тўмарис» спектакли намойиш этилди

Андижон қўғирчоқ театрида "Ўзбеккино" миллий агентлиги қошидаги "Киноактёр" театр студиясининг "Тўмарис" спектакли намойиш этилди. Тақдимотга вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида жамоатчилик вакиллари, зиёлилар, ўқувчи ва талабалар, театр мухлислари ташриф буюрди. Бу ҳақда "Андижоннома" сайти хабар бермоқда.

Ёзувчи Ёвдат Илёсовнинг "Олачипор ажал" тарихий романи асосида Сайфиддин Мелиев саҳналаштирган "Тўмарис" спектакли режиссурадаги ўзига хос ёндашув ҳамда ечими билан кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда.

Асарда сак-массагетлар маликаси Тўмариснинг шарафли ҳаёт йўли, Ватан озодлиги учун Эрон шоҳи Кирёвушга қарши мардонавор кураши қизиқарли ва таъсирчан лавҳалар ёрдамида акс эттирилади. Илмира Раҳимжонова ижросидаги бош қаҳрамоннинг шаҳду шижоати, ор-номус, эл-юрт шаъни йўлидаги жасорати ёш томошабинларни она юртга муҳаббат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаши билан аҳамиятлидир. Саҳнадаги ҳар бир декорация, давр руҳини берувчи мусиқий фон, Карим Мирҳодиев, Фарҳод Худойбердиев, Ҳусан Рашидов, Феруза Собитова, Наргиза Салмонова сингари актёрларнинг профессионал ижроси ўзаро уйғунлашиб, спектаклнинг умумий ғоясига хизмат қилади.

Мавзуга оид