Жамият | 10:08 / 25.03.2017
9362
2 дақиқада ўқилади

Америкалик машҳур актёр авиафалокатга сабабчи бўлишига бир бахя қолгани тасдиқланди

2017 йил февралда америкалик машҳур актёр Харрисон Форд яна авиафалокатга тушишига бир баҳя қолгани тасдиқланди. Бироқ бу ҳақда эндигина маълум қилинди.

Довюрак ва саргузашт излашни яхши кўрувчи қаҳрамонлар ролини ижро этган актёр ўзининг бир моторли Aviat Husky самолётида йўловчи самолёти ёнидан хавфли яқин масофадан учиб ўтган. Воқеа 13 февралда Калифорния штатидаги Жон Уэйн номидаги аэропорт устида юз берган. 

Форд диспетчердан 20l полосасига қўниш ҳақида кўрсатма олган, бироқ у хато туфайли руллаш йўлагига қўнган. Актёр қўниш вақтида American Airlines авиакомпаниясининг бортида 110 йўловчи бўлган Boeing 737 самолёти устидан учиб ўтган. Бахтли тасодиф ҳеч қандай нохушлик содир бўлмаган. Йўловчи самолёти воқеадан бир неча дақиқа кейин ҳавога кўтарилган.

Воқеанинг аудиоёзувида Форд хато қилгани учун ўзини койиётганини эшитиш мумкин: "Мен руллаш йўлагига қўнган аҳмоқман", деб ўзини койиган актёр. Актёр диспетчерга бошқа самолётга чалғиганини ҳамда турбулентлик туфайли муваффақиятсиз қўнганини айтган. Диспетчер эса воқеа жиддий бўлмаганини айтиб, актёрга тасалли беришга ҳаракат қилган. Бироқ актёр бунга "Бу мен учун жиддий", деб жавоб берган.

Ауидоёзувда диспетчер шахсан Форд билан гаплашаётганидан ҳайратда эканини эшитиш мумкин. 

Ушбу ҳолат юзасидан тергов бошланган ва ҳали якунига етмаган. Унинг натижасига кўра, актёр учувчилик лицензиясидан маҳрум этилиши мумкин. 

73 ёшли Форднинг енгил моторли самолётларга қизиқиши уни бир неча маротаба хавфли вазиятларга қўйган. 2015 йил март ойида актёр бошқарган Ryan PT-22 Recruit самолётининг двигатели ўчиб қолганда, у самолётни аҳоли яшайдиган ҳудудга қуламаслиги учун гольф-майдонга қаттиқ қўндирган. Оқибатда актёр кўплаб жароҳатлар олган, бироқ кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолган.

Мавзуга оид