Жаҳон | 22:46 / 13.04.2017
7093
2 дақиқада ўқилади

Эрон президенти лавозими учун 500 дан кўпроқ номзод рўйхатга олинди

Эрон ички ишлар вазирлигида 19 майда Эронда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш учун 500 дан кўпроқ киши номзод сифатида рўйхатдан ўтди. Бу ҳақда сайловларни ўтказиш штаби котиби Али Пурали маълум қилди.

Расмий манбаларга кўра, 11 апрелда бошланган сайлов кампаниясининг фаворитлари Эрон президенти Ҳасан Руҳоний ва консерваторлардан асосий номзод Иброҳим Раисий ҳали рўйхатдан ўтмадилар. Улар буни 15 апрелгача амалга оширишлари мумкин.

12 апрелда номзод гувоҳномасини собиқ президент Маҳмуд Аҳмадинажод олди. Бу ҳолат катта шов-шув ва кўплаб салбий фикрларга сабаб бўлди. Бундай муносабат Эроннинг раҳбари оятуллоҳ Али Ҳаменеий ўтган йил кузида Аҳмадинажодга президентлик сайловларида иштирок этишдан тийилишни тавсия қилгани билан боғлиқ. Ҳаменеийнинг фикрича, Аҳмадинажоднинг сайловларда иштирок этиши "мақсад номувофиқдир" ва Эрон жамиятини иккита қарама-қарши томонга бўлаклайди. 

Эроннинг сайловлар ҳақидаги қонунида президентликка номзод "келиб чиқиши ва фуқаролиги бўйича эронлик, ўз обрўсига эга диний ёки сиёсий арбоб, масъулиятли, олиҳиммат, ислом инқилоби тамойилларига ва расмий динга амал қилувчи, яхши номга эга бўлиши кераклиги" белгилаб қўйилган. Номзодлар орасида 13 аёл ҳам бор.  

Номзодларни рўйхатга олиш 11 апрелда бошланди ва 5 кун давом этади. Сўнгра олий шиа мусулмонлари вакиллари ва ислом ҳуқуқшунослари номзодлар орасида қатъий танлов ўтказади. Амалиётнинг кўрсатишича, улар номзодлардан аксарият қисмини рад этади ва энг муносибларини қолдиради. Натижада рўйхатда 10 нафардан кўп бўлмаган номзод қолади.

Мавзуга оид