Фан-техника | 14:16 / 27.04.2017
33888
8 дақиқада ўқилади

Франциянинг энг машҳур 10 та автомобили

Motor.ru нашри энг машҳур француз машиналари рўйхатини тузиб чиқди. Қуйида ушбу рўйхат тақдим этилади.

Renault Espace

Катта оилаларга мўлжалланган йўловчи автомобиллари бу машинага қадар ҳам бўлган, бироқ айнан Espace нафақат ўриндиқлар кўплиги, балки жуда ихчам бўлган дунёдаги биринчи серияли автомобилга айланди. Умуман олганда – у дунёдаги илк минивэндир. Бунинг устига 1984 йилда тақдим этилган Espace оддий ва функционал дизайнга эга.

Гарчи Espace МДҲ давлатларида унчалик катта талабга эга бўлмаган бўлса ҳам, Ғарбий Европада модель ҳамон жуда оммабоп. Айни дамда у йўлтанламасга ўхшаш минивэн бўлиб, битта бензинли ва иккита дизелли 130дан 200 от кучига эга бўлган куч қурилмасига эга.

 

Delahaye 175S Roadster par Saoutchik

Бу автомобилни аввал журналлар ёки интернетда кўп кўргансиз, бироқ у қандай номланишини билмагансиз. Энди эса бу “махфий сир” очилади. Delahaye компаниясининг кўплаб автомобиллари Франциянинг энг машҳур моделлари қаторида туради, сабаби айнан улар авангард дизайнига асос солишган.

Айнан бу родстер эса 1949 йилда, буюк британиялик мижоз буюртмасига кўра яратилган. Шундан сўнг 165 кучли автомобиль АҚШга бориб қолган, у ерда унинг янги эгаси асл двигателни олиб ташлаган ҳамда Oldsmobile Toronado’дан мотор ва трансмиссия ўрнатган. Автомобилнинг учинчи эгаси эса машинага илк кўринишни қайтарди – тўла таъмирдан чиқарилган 175S Roadster оммага 2006 йилда Пэббл-Бичдаги танловда тақдим этилди. 2010 йилги Sotheby’s кимошди савдосида машина янги харидорнинг мулкига айланди. Унга 3,3 миллион доллар тўланди.

 

Facel Vega HK500

Facel Vega машиналарини автомобиль ишқибозлари учун ортиқча таништириб ўтириш керак эмас – улар ўз вақтида Rolls-Royce ва Bentley билан рақобатчилик қилган, айни дамда эса коллекция йиғувчиларнинг севимли машиналарига айланган. Facel Vega’нинг энг машҳур модели HK500 купеси бўлиб, у икки қаватли фаралар ва панорамали шамол ойнаси билан жиҳозланган.

HK500 модели ўз вақтида ҳақиқий суперкар бўлган: 1959 йилда тақдим этилган машина Chrysler’дан 6,3 литрли 360 от кучига эга двигатель билан жиҳозланган. У тахминан 8,5 сонияда 100 километр соатга чиққан, максимал тезлик эса соатига 230 километрни ташкил этганди. Шу билан бирга, HK500’да Connolly қимматбаҳо чарм ва барча ғилдиракларда диск тормозлари бўлган. Атига 846 та шундай машина чиқарилган, уларнинг нархи айни дамда 100 минг евродан бошланади.

 

Bugatti Type 57

 

Рўйхатга Bugatti Veyron ва Chiron қўшилмади. Бошқа томондан, буюк маркани бутунлай киритмаслик адолатсизлик бўларди – шунинг учун рўйхатга Bugatti Type 57 қўшилди. У Франциянинг Мольсемида Жан Бугатти томонидан ўйлаб топилган ва ишлаб чиқилган.

Албатта, Type 57’нинг энг машҳур нусхаси Type 57SC Atlantic купеси саналади – у аукционларда ўн миллионлаб доллар туриши мумкин. Бундай машина атиги уч нусхада тайёрланган. Atlantic 210 от кучига эга двигатель билан жиҳозланган бўлиб, тезлиги соати 200 километргача етиши мумкин.

 

Citroen Type H

Дунёда жуда ҳам оммабоп бўлган микроавтобуслар ҳозирги кунда унча ҳам кўп эмас, бироқ Type H улардан бири экани аниқ. Транспорт воситаси 1947 йилдан 1981 йилга қадар чиқарилган. Ўтган вақт давомида қарийб ярим миллион шундай машина тақдим этилди.

Type H негизида кўп нарсалар яратилган: пикаплар, эвакуаторлар, рефрижераторлар... Машҳур «Бельмондо» ўзининг энг кучли нусхасида 58 от кучига эга бўлган ва айни кунда промо-акциялар ҳамда мобиль кафелар учун автомобиллар сифатида жуда машҳур. 

 

Renault Magnum

Дунёдаги энг машҳур юк машиналаридан бири. Magnum илк бора 1990 йилда оммага намойиш этилган. Унинг автоном модулли кабинасида пневмоёстиқчалар бор бўлиб, шунинг натижасида пол бутунлай текис ҳолатдадир.

1990 йилдан 2013 йилга қадар Magnum’нинг тўрт авлоди чиқарилган, шундан сўнг моделнинг ўрнида Renault T пайдо бўлди. Моделни ишлаб чиқариш якунига келиб Magnum Vega нусхаси тайёрланди. Унинг салони жуда ҳам дабдабали бўлган ва қиммат аудиотизим билан жиҳозланган.

 

Alpine A110

Renault компанияси яқинда яна Alpine маркасини ривожлантира бошлади. Сабаби ўз вақтида асл А110 раллили трассаларда ўз рақибларини тўхтовсиз тор-мор келтирган. А110 жуда машҳур автога айланди ҳамда айни кунда исталган коллекциядан ўрин олишга ҳақли.

Енгил спорткар (оғирлиги – тахминан 700 килограмм) Renault двигателлари билан жиҳозланган, улар орқа ўқ ёнида жойлаштирилган. Куч қурилмалари қуввати 55 дан 140 от кучигача бўлган. 1973 йилги мавсумда А110 ралли бўйича жаҳон чемпионатида олтита ғалабани қўлга киритди. 

 

Citroen 2CV

Бу модель Иккинчи жаҳон урушидан аввал ишлаб чиқилган бўлиб, 1990 йилга қадар чиқарилган. Citroen 2CV – бу Франциядаги илк халқ автомобили бўлиб, унинг бошқа вариантларини ҳали-ҳамон Ғарбий Европа йўлларида учратиш мумкин. 1948 йилдан бошлаб қарийб 9 миллионта шундай хэтчбек ишлаб чиқарилди.

Ишлаб чиқиш жараёнида – у тўрт нафар фермер ва товуқ тухумлари бўлган саватчани (унинг ичидаги биронта ҳам тухум қумли йўлда синиб кетмаслиги керак бўлган) олиб кетишга қодир ихчам автомобиль бўлиши кераклиги вазифа қилиб қўйилган. Автомобилда жуда кўплаб модификациялар бор, улар нафақат кузовлар, балки двигателлар билан фарқланиб турган. Энг кучли 2CV 33 от кучига эга бўлган.

 

Peugeot 205 GTi

Ҳеч кимга сир эмаски, биринчи “қайноқ” хэтчбек деб Volkswagen Golf GTi  ҳисобланади, бироқ автомобиль соҳасида ишловчи журналистларнинг аксарияти тарихдаги энг зўр шундай хэтчбек сифатида 205 Gti’ни кўрсатишади. Peugeot’дан ўзига хос услуб ва Pininfarina’дан дизайнга бўлган автомобиль ҳаттоки унчалик кучли бўлмаган двигателда бўлса ҳам, ҳар қандай кишининг севимли машинасига айланишга қодир.

GTi нусхаси 1984 йилдан 1987 йилга қадар 1,6 литрли 115 от кучига эга бўлган двигатель билан жиҳозланган, кейинчалик унинг ўрнига 147 кучли 1,9 литрли мотор алмаштирди. Машина ҳаваскорлар ўртасидаги раллиларда муваффақиятли иштирок этган, жаҳон аренасида эса 205 номини Turbo 16 версияси ҳимоя қилган. Turbo 16 200 от кучига эга турбомоторга эга бўлган ҳамда раллида у 350 от кучини беришга қодир эди.

 

Citroen DS

Айнан DS Франция тарихидаги энг машҳур автомобиль экани ҳеч кимга сир эмас. «Аср автомобили» танловида DS учинчи ўринни эгаллади, ҳамда фақатгина MINI ва Ford Model T’га имкониятни бой берди. Уни барча бирдек яхши кўрган ҳамда кўплаб фильмларда ундан фойдаланишган.

DS шуниси билан ажралиб турадики, у машҳур гидропневматик тизимга эга бўлган биринчи автомобилга айланди. Айнан шу сабаб бошқарувнинг жуда енгиллиги ва ажойиб қулайлик вужудга келган. Ҳозирги кунда DS - Peugeot/Citroen концернининг мустақил бренди бўлиб, у ёрқин дизайн, янги технологияларни ўзида мужассамлаштиришга уринмоқда.

Суратлар Motor.ru сайтидан олинди

Мавзуга оид