Жаҳон | 13:43 / 09.05.2017
12636
4 дақиқада ўқилади

Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда «Ўлмас полк» ўтказилди

Фото: © РИА Новости

Қозоғистоннинг Остона, Олмаота ва бошқа йирик шаҳарларида Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабанинг 72 йиллигига бағишлаб «Ўлмас полк» акциялари ўтказилди.

9 май куни Россия ва бошқа хорижий давлатларда ўнинчи марта «Ўлмас полк» тадбирлари ўтказилмоқда. 

«Ўлмас полк» акцияси 2007 йили халқ ташаббуси сифатида Томскда бошланган эди. Кейинчалик у бутун Россияда ҳамда қатор бошқа давлатларда ўтказила бошланди. Акция иштирокчилари кўчаларга чиқиб, урушда қатнашган ўз яқинларининг суратларини кўтарган ҳолда кўчалардан юриб ўтиб, уларни хотирлайди. Ўтган йилда бундай акциялар дунёнинг 50 давлатида ўтказилган.

Қозоғистон пойтахтида «Остона ўлмас полк - тинчлик марши» номи остида анъанавий тадбир «Казак ели» (Қозоқ эли) ҳайкали олдидан бошланиб, «Отан коргаушлар» (Ватан ҳимоячилари) мемориалига қадар йўлда (3,6 км) бўлиб ўтган.

Шунингдек, республиканинг Олмаота шаҳрида ҳам «Ўлмас полк» тадбирлари ўтказилган. Қатнашчиларнинг умумий сони маълум эмас, 2016 йилда Олмаотада 15 минг киши, Остонада эса 5 минг киши шундай тадбирларда иштирок этганди.

Бугун Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида ҳам Ғалаба куни муносабати билан «Ўлмас полк» тадбирларида минглаб киши қатнашди.

Минглаб кишилардан иборат намойишчилар колоннаси Бишкек жанубидаги Ғалаба хиёбонидан чиқиб Ғалаба майдонидаги мангу олов олдига қадар юриб боришган. Қирғизистонда бундай маршлар 2014 йилдан буён ўтказила бошланди. Ўтган йили тадбирларда 15 мингга яқин киши иштирок этганди, бу йил кўчаларга 20 мингга яқин киши чиқиши кутилганди.

Иккинчи жаҳон уруши фронтига 300 мингдан ортиқ қирғизистонлик борган, уларнинг 100 минг нафари ортга қайтмаган. Ҳозирда Қирғизистонда Иккинчи жаҳон уруши фахрийларидан 640 нафар қолган.

Ислом анъаналарига тўғри келмаганлиги боис тақиқланганига қарамасдан Тожикистонда ҳам «Ўлмас полк» акцияси ўтказилди.

Душанбе шаҳрида 300 нафар чоғли киши ўз оталари ва боболари суратларини кўтарган ҳолда кўчаларга чиққан.

Фото: Asia-Plus

Ҳолбуки 5 май куни «Ховар» давлат ахборот агентлиги Тожикистон расмийлари «Ўлмас полк» акцияси аввал бошидан республикада «Ғалаба куни»ни нишонлаш борасидаги режага киритилмагани учун Душанбеда ўтказилмаслиги ҳақида хабар берганди.

Хабарда Тожикистон ва Афғонистоннинг чегара ҳудудида содир бўлаётган жанговар ҳаракатлар сабаб мамлакат расмийлари 9 май кунига режалаштирилган акциялардан ошиғини ўтказа олмаслиги таъкидланганди.

«Бундан ташқари, ислом анъаналарига биноан, мусулмонлар ўлган одамларнинг суратларини кўтариб олиб кўчаларда юриши мумкин эмас», деб ёзганади «Ховар».

Ўтган ой охирида Ўзбекистонда «Ўлмас полк» акцияси ўтказилмаслиги маълум қилинганди.

«Қадрдон ўзбекистонликлар! «Ўлмас полк» юриши жаҳонда юзага келган мураккаб сиёсий вазият туфайли жорий йилда амалга оширилмайди. Биз бу расмийларимизнинг тўғри қарори деб ҳисоблаймиз, негаки бизга иккинчи Питер керак эмас», — дейилганди эълонда.

Ўзбекистондаги «Ўлмас полк» акцияси ташкилотчилари тадбирни ёдгорликни зиёрат қилиш шаклида ўтказишга рози бўлишганди. Иштирокчилар «Биродарлик қабри» боғидаги маъсум она ёдгорлиги пойига гул қўйиш билан чекланиши, кейинроқ Тошкентдаги мажлис залларидан бирида улар фахрийларни табриклаб, байрамона концертга ташриф буюриши кўзда тутилган.

Мавзуга оид