Жаҳон | 11:00 / 26.09.2024
3706
2 дақиқада ўқилади

Бишкекда давлат хизматчиларига шахсий автомобилда ишга бориш чекланди

Қирғизистон пойтахтида давлат ходимларига сешанба ва пайшанба кунлари шахсий автомобилларидан фойдаланиш чекланди ва жамоат автобусларидан фойдаланиш вазифаси қўйилди. Ҳафтанинг ушбу кунлари Бишкекда энг кўп автомобил ҳаракати кузатиладиган кунлар ҳисобланади.

Фото: 24.kg

Қирғизистонда президент маъмурияти Бишкек шаҳар ҳокимлигининг муниципал хизматчиларга шахсий автомобилларидан фойдаланишни чеклаш ҳақидаги ташаббусини маъқуллади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматига таяниб, 24.kg хабар берди.

Тегишли кўрсатма вазирлик ва идораларга юборилган, унда барча ходимларга сешанба ва пайшанба кунлари жамоат транспортидан фойдаланиш тавсия этилган. Ҳафтанинг ушбу кунлари Бишкекда энг кўп автомобил ҳаракати кузатиладиган кунлар ҳисобланади.

Ташаббус шаҳарда транспортга оид вазиятни яхшилаш, жамоат транспортига бўлган талабни кўпайтириш ва йўллардаги тирбандликни камайтиришга қаратилган. Бундай чора-тадбирлар жамоат транспорти ишидаги муаммоларни аниқлашга ёрдам беради ва шаҳар аҳолисининг қулай ҳаракатланиши учун мақбул шарт-шароитлар яратишга кўмаклашади, дейилади хабарда.

Нашр эслатишича, пойтахт муниципалитети бу қоидани 2024 йил май ойидаёқ ўз ходимлари учун жорий этган ва ушбу чекловни бажармаганларни жазолашга ҳам улгурган.

Сентябр ойида Қирғизистон президенти Садир Жапаров давлат бюджети харажатларини оптималлаштириш мақсадида 2026 йилгача давлат хизматчиларининг иш ҳақини оширишга мораторий эълон қилганди. Шунингдек, давлат органлари штатларини кенгайтириш тақиқланмоқда.

Мавзуга оид