Жамият | 20:10 / 12.05.2017
14217
7 дақиқада ўқилади

Европалик элчилардан махсус интервью

11 май куни куни Radisson Blu Hotel мехмонхонасида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги Делегацияси ва Британия Кенгаши ҳамкорлигида "Европада Таълим" кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу тадбир бир неча йиллар давомида май ойида ўтказиб келинаётган Ўзбекистонда "Европа кунлари" тадбирлари доирасида ўтказилди. 

Тадбирда Европадаги 14 мамлакатнинг 20дан зиёд университетлари ва таълим соҳасидаги ташкилотлар иштирок этди. 

Кун.uz мухбири кўргазманинг очилиш маросимига ташриф буюрган Европа мамлакатлари элчиларидан интервью олди. Элчилар ва хорижлик меҳмонлар Ўзбекистон ҳамда Европанинг таълим соҳасидаги муносабатлари ва бугунги тадбир ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.

Кристофер Олан, Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси:

"Бугун Тошкентда Европадаги таълим бўйича кўргазма ташкил этилганидан мамнунман. Бу ерда Буюк Британия ҳам Британия Кенгаши ва Сoventry университети орқали фаол иштирок этмоқда. Биз Британиянинг олий таълими дунёдаги энг яхши билимни тақдим этишига ишонамиз. Мазкур тадбир ўзбек талабалари учун Буюк Британияда таҳсил олишда яхши имкониятлар топишларига рағбат бағишлайди”.

Эдуардс Стрипрайс, Европа Иттифоқи делегацияси раҳбари:

"ЕИ ҳамда Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги ҳамкорлиги энг яхши ҳамкорлик дастурлардан биридир. Масалан, ЕИнинг "Tempus. Erasmus Mundus" ҳамда "Erasmus+" лойиҳалари магистрлик йўналишида бир қатор мутахассисларни тайёрлашга ёрдам бермоқда. Европа Иттифоқи таълим дастурлари ОТМлар учун янги ўқув ускуналари ва замонавий адабиётларга эга бўлиш, ҳамда ахборот ресурсларини янгилаш орқали, ўқув-услубий ва лаборатория базасини модернизация қилишга сезиларли даражада ҳисса қўшмокда. Ҳозирги кунда Европа Иттифоқи университетлари билан Ўзбекистоннинг 44 ОТМ иштирокида жами 80та алмашинув бўлиб ўтди. 2017 йил натижасига кўра, 600 ўқитувчилар алмашинуви (улардан 440 нафари Ўзбекистондан Европага ва 170 нафари Европадан Ўзбекистонга) ташриф буюрган".

Марк Кросси, Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори:

"Британия Кенгаши ушбу кўргазма ташкилотчиларидан бири эканлигидан жуда мамнун. Жумладан, бу кўргазма иккала томоннинг ҳам катта қизиқишини уйғотди. Яъни бир томондан Европа университетлари тадбирда иштирок этишга иштиёқи жуда баланд бўлган бўлса, иккинчи томондан Ўзбекистонинг истеъдодли ёшлари ҳам кўргазмага келишга катта қизиқиш билдирди. Биргина онлайн регистрациядан ўтган кўргазмага ташриф буюрувчилар сони шу кунгача 1500га яқин бўлди. Чет элда таълим олиш – халқаро сифатли таълим бериш билан биргаликда ва халқаро тажриба ва умуман ҳаётий кўникма олиш учун жуда фойдалидир. Аминманки, бу борада Европа университетлари Ўзбекистон абитуриентлари учун яхши таклифлар бера олади".

Ромео Станчу, Руминиянинг ўзбекистондаги элчиси:

"Руминия ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар алоҳида эътирофга сазовор. Жумладан, таълим соҳасида ҳам мамлакатингиз билан яхши алоқалар йўлга қўйилган. Бугунги кўргазмада Руминиянинг энг яхши олийгоҳларидан бири - Бухарест Политехника университети ўз тақдимоти билан иштирок этмоқда. Мазкур университетда турли соҳалар бўйича мутахассис бўлиб етишиш мумкин. Барчага маълумки, Руминия ўзининг олимлари билан дунёга машҳур. Жумладан, таниқли олим, реактив тортишишда ҳаракатланувчи дунёдаги биринчи самолёт лойиҳаси муаллифи Анри Коанда мазкур университетнинг бир қисмига асос солади.  Шу сабабли бу ерда авиация соҳасининг энг етук мутахассислари етишиб чиқади. Қолаверса, университетда дунёнинг кучли IT-технологлари ҳам ўқитилади. Ўйлайманки, бу каби тадбирлар ўзбекистонлик талабаларнинг келгусидаги фаолиятига ўз таъсирини кўрсатади".

Виолен Де Вильмор, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси:

"Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилган янги ислоҳотлар талабаларга Францияда ўқишлари учун катта имкониятлар эшигини очиб беради. Талабалар Европага бир йилга, икки йилга ёки қисқа муддатга таҳсил олиш учун боришлари мумкин. Европада таълим бўйича яратилган махсус тизим орқали барча талабалар ярим йил ёки бир неча кунга хорижга бориб, иккита малака билан қайтишлари мумкин: бошқа мамлакатнинг тили ва маданиятини ўрганиш ва ўз мутахассислиги бўйича маҳоратини ошириш. Франция хорижлик талабалар учун дунёдаги энг яхши тўртинчи мамлакат ҳисобланади. Ўзбекистонда эса чет элда таълим олиш ва малака ошириш учун барча шарт-шароитлар яратилган". 

Андреа Бертоцци, Италиянинг Ўзбекистондаги элчиси: 

"Тошкентда очилган Италиянинг Турин политехника университети икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги илиқ муносабатларнинг яққол мисол бўла олади. Италиянинг энг яхши университетларидан бири бўлган ушбу олийгоҳ Тошкентнинг ўзидаёқ талабаларга керакли малака ва кўникмаларни бера олиши қувонарли ҳолат. Университетда италиялик маҳоратли ўқитувчилар, профессорлар таълим беради, турли халқаро дастурлар амалга оширилади. Талабалар мазкур олийгоҳда Италиянинг техника соҳасидаги тажрибаси ва малакаларини ўрганиш имконига эга бўлишади".

Пётр Ивашкевич, Польшанинг Ўзбекистондаги элчиси: 

"ЕИнинг Марказий Осиё бўйича стратегиялар дастури доирасида таълим платформаси мавжуд. Польша Латвия билан биргаликда айнан платформанинг энг етакчиси саналади. Биз айнан шу суръатда ҳаракат қилишда давом этамиз. 2017 йилги ўқув йили бошидан (сентябрь ёки октябрь) биз Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университетида яна ўқув дарсларини жорий этишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари, Самарқанд ва Бухородаги олий таълим муассасаларида ҳам польяк тили ўқитила бошланади. Мазкур фанларга Польшадан профессионал ўқитувчилар жалб этилади".

Йоанна Жоржиаду ҳамда София Манолиаду, Салоники (Греция)даги Аристотель университети ўқитувчилари:

"Бизнинг университетда ўзбекистонлик талабалар ҳам таҳсил олади. Очиғини айтсак, улар ўзининг тиришқоқлиги, ҳаракатчанлиги, одоби билан ажралиб туради. ЕИ таълим бўйича алмашинув дастури орқали биз юртингизга ташриф буюрдик. Бу дастурлар нафақат талабалар ва профессорларнинг малакасини оширишга хизмат қилади, балки мамлакатлар ўртасидаги дўстона, самимий алоқаларни ривожлантиришга, Европа ва Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларининг фаолияти билан яқинроқ танишишга имкон беради".

Феруза Авазова тайёрлади

Мавзуга оид