Спорт | 21:58 / 23.05.2017
9354
2 дақиқада ўқилади

Australian Open ғолиби келишилган ўйинда иштирок этганини тан олди

Фото: Bai Xue/ZUMAPRESS.com

2016 йил ёшлар ўртасидаги Австралия очиқ чемпионати ғолиби Оливер Андерсон келишилган ўйинда иштирок этганини тан олди. Австралия суди уни 2 йиллик шартли қамоқ жазосига маҳкум қилди. 

Андерсон 2016 йилги Traralgon Challenger мусобақасидаги учрашувнинг биринчи сетини атайлаб ютқазиб берганини тан олди. 19 ёшли теннисчи айбдор деб топилган, бироқ қамоқ жазосидан қутулиб қолганди. 

Теннисчининг сўзлашича, унга рейтингда ўзидан 900 позиция пастроқ ўринни эгаллаган Харрисон Ломбега қарши учрашувнинг 1-сетини ютқазиб бериш таклиф қилинган. Теннисчининг 1-сетда ютқазишига Crownbet букмекерлик идорасида 10 минг доллар қўйиш режалаштирилган, бироқ букмекерлар фақат 2 минг долларга ставкани қабул қилишган. Теннисчи 1-сетни ютқазган ва унинг шериги бу ставкада 10 минг доллар ишлаб олган.

Андерсон адвокатининг айтишича, ушбу учрашувда теннисчи жароҳати билан ўйнаган, шунинг учун бор маҳоратини кўрсата олмаган. Адвокатнинг айтишича, ставка қўйган одам айнан теннисчининг жароҳатига умид қилган.

Полиция ставкани қўйган одамга нисбатан айблов эълон қилинганини маълум қилишдан бош тортган. Шунингдек, улар тергов давом этиши борасида ҳам ҳеч нарса маълум қилишмаган. 

Теннисчининг ўзи судда партияни ютқазиб бергани учун пул олмагани ва фақатгина дўсти илтимосига кўра бунга қўл урганини айтган.

Андерсон 2016 йил 24 октябрда ўтган учрашувнинг 1-сетида 4:0 ҳисобида юта туриб, 4:6 ҳисобида имкониятни бой берган. Шундан кейин у кетма-кет иккита сетни 6:0, 6:2 ҳисобида ютган.

Учрашувдан 2 кун ўтгач теннисчи ҳибсга олинган. Полицияда у айбини тан олувчи кўрсатмалар берган. 2017 йил январда унга расман айблов эълон қилинган.  

Суд Андерсонга шунингдек 500 доллар миқдорида жарима солган.

Мавзуга оид