Жаҳон | 17:44 / 28.05.2017
28030
4 дақиқада ўқилади

«Болалар ўлди ва буни мен билган инсон амалга оширди»

Фото: Reuters

Британиялик рэппер ва Манчестердаги теракт ижрочисининг болаликдаги дўсти Геко Sky News'га берган интервьюсида Салмон Абадийнинг радикал қарашлари Манчестерда шакллантиргани борасида фикр билдирди. 

"Манчестерда ҳамманинг миясини айнитувчи гуруҳ бор ва бу менга ёқмайди. У Ливияда бўлганди, энди эса айнан у Манчестердаги портлашни содир этган шахс бўлиб чиқди", - дея сўзлайди мусиқачи.

Шунингдек у Абадийга кимдир ёрдам бергани, терактни унинг ёлғиз ўзи содир этмаганини тахмин қилди.

"Бунинг қандай рўй бергани ақлга сиғмайди, мен унинг нима учун бундай қилганини тушуна олмаяпман. Нимани ўйлаб шундай қилганига ҳайронман", - деди Геко.

Унинг сўзларига кўра, Абадий болалигида "ҳамма қатори, қувноқ бола" бўлган, бироқ сўнгги икки йилда улар кўришишмаган. Геконинг таъкидлашича, у Абадийнинг динийлашиб кетаётганидан бохабар бўлган, лекин у шу тариқа "тинчлик ва меҳр-муҳаббат"ни тарғиб қилувчи  ҳақиқий исломга мурожаат қилган деб ўйлаган. Рэпернинг айтишича, Абадийнинг теракт ижрочиси эканидан хабар топгач, йиғлаб юборган.

"Мен ўтириб ўйлардим - болалар ўлди ва буни мен билган инсон амалга оширди. Бу мен учун оғриқли кечди", - дея тан олади мусиқачи.

28 май куни Британиянинг Daily Mail нашри АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) 2017 йилнинг бошидаёқ Британиянинг MI5 конттразведка хизматини Абадий Буюк Британияда ҳужум ташкиллаштиришни режалаштираётганидан огоҳлантирган.

Манбага кўра, ФТБ MI5'га Абадийнинг ИШИД террорчи ташкилотининг Шимолий Африкадаги бўлимидаги фаолиятига доир маълумотларни етказган. ФТБ ва MI5 Абадийни сиёсатчининг ўлимига тайёргарлик кўраётганликда гумон қилган, бироқ далиллар йўқлиги боис унга қарши тергов тўхтатилган.

"2017 йилнинг бошида ФТБ MI5'га Абадий Манчестерда илдиз отган террорчи тўданинг Шимолий Африкадаги ҳужайрасига қўшилгани ҳақида хабар берган, унинг аъзолари Буюк Британия ҳудудида бирор бир амалдорни ўлдириш имконини излашган", - дейди хавфсизлик кучларидан бири.

«Манчестер Арена»даги портлаш америкалик қўшиқчи Ариана Гранденинг концерти тугаши биланоқ спорт ва концерт  мажмуасининг фойесида содир этилган. Унинг натижасида 22 киши ҳалок бўлган, 59 киши, жумладан 12 бола жабрланган. Теракт учун жавобгарликни ИШИД террорчи гуруҳи ўз зиммасига олган. ИШИДнинг Манчестердаги теракт бўйича расмий баёнотига кўра эса, 30 киши ҳалок бўлган, 70 нафари жароҳат олган.

Ҳозирда Манчестердаги терак терговида мингга яқин офицер иштирок этмоқда ва худкушнинг шерикларини қидирмоқда. Экспертлар 1,5 мингга яқин турли далилларга эгалар, тергов экспертизаси ўтказилмоқда.  

Буюк Британия қироличаси Елизавета II терактни "жоҳиллик" деб атади. 

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй қўмитанинг фавқулодда вазиятлар бўйича шошилинч йиғилишида сўзга чиқди.

"Одамларнинг шафқатсиз террорчилик ҳужуми қурбони бўлганига шубҳа йўқ. Террорчилар ёшларни нишонга олишни мақсад қилишган. Портлаш атайин максимал зиён етказиладиган жой ва вақтда содир этилган", - деди Мэй.

Бош вазир шунингдек миллий фожиа муносабати билан сайловолди кампаниясини тўхтатиш борасида кўрсатма берган.

Абадий стадиондаги портлашдан 15 дақиқа аввал Ливиядаги укаси Ҳошим Рамазон Абу Қосим Ал-Абадий билан телефонда суҳбатлашган.

Террорчининг укаси режадаги теракт ва унинг вақтига доир тафсилотлардан хабари бўлмаган. Таъкидланишича, Абадий Манчестердаги терактнинг эртасига ИШИД билан алоқадорликда гумон қилиниб, Триполида  полиция махсус кучлар томонидан қўлга олинган.

Тахминларга кўра, Абадий ҳужумга камида бир йил мобайнида тайёргарлик кўрган. 22 ёшли террорчи 12 ой аввал банкда ҳисоб рақами очган. Ундаги пуллардан фақат мих ва винтлар харидида фойдаланилган ва кейинроқ улардан портлаш қурилмаси тайёрланган. 

Мавзуга оид