Жаҳон | 17:20 / 28.05.2017
36126
12 дақиқада ўқилади

Швеция улкан кўчишга ҳозирлик кўрмоқда

Швециянинг бутун бошли шаҳри вайрон бўлиш хавфи остида қолгани сабабли унинг аҳолиси уйлари билан бирга кўчишига тўғри келмоқда. 

Кирунадаги биринчи уй кўчиши. Фото Ноэлла Йоханссон

2017 йил майида Швециянинг Кируна шаҳрида айрим тарихий бинолар ва уйларни транспорт воситаларига юклаб, бошқа жойга кўчириш ишлари бошлаб юборилди. Биноларнинг кўчиши билан 18 минг киши истиқомат қиладиган шаҳарчани 3 км шарққа кўчириш режасига старт берилди. Бу яқин орадаги темир кони ҳудуди кенгайиши билан боғлиқ. Гап шундаки, бунинг оқибатида пойдеворлар ерга ботиб, вайрон бўлиш хавфи кучайиб бораётгани сабабли, шаҳар ерга чўкиб кетиши мумкин. Tjournal.ru шу ҳақда ҳикоя қилади. 

Мана бир неча йилдирки, конга эгалик қилувчи тоғ-кон компанияси кўчиш ишларига 1 млрд доллардан ортиқ маблағ сарфлаб, шаҳарни қутқариб қолишга уринмоқда. «Кўчиш» лойиҳаси муаллифлари 3 минг хонадон ва бир неча юзлаб уйларнинг барчасини бирдек сақлаб қолишнинг имкони йўқлигини яхши англаса-да, — эскисининг яқинида янги шаҳарга асос солишга ҳаракат қилиб, глобал иқлим ўзгаришидан хавотир олаётган аҳолига намуна бўлишга уринмоқда. 

Доимий хавф-хатар

Швециянинг 19-аср охирида ташкил этилган энг шимолий шаҳри – Кируна тақдири бевосита дунёнинг энг йирик Kjeronavare темир кони билан боғлиқ. Кируна LKAB компанияси билан биргаликда шу ерга келган ишчилар учун ватан бўлиб қолди.

LKAB узоқ вақт мобайнида шаҳардан хавфсиз масофада темир рудаларини қазиб олиш билан шуғулланди. Бироқ, 1962 йили компания улкан шахтани қуришни бошлади. Йил сайин у йириклашиб борди. Иш шу даражага бордики, ишчилар айни вақтда деярли Кируна шаҳри остини ковлаб, темир рудаларини қазиб олишмоқда. 

Бу эса, ҳамма учун бирдек муаммо, бош оғриққа айланди. Рудаларни қазиб олиш вақтида кончилар ер ости портлашларини амалга оширишади. Сўнгра бўш жойларни тупроқ билан тўлдиришади. Бироқ, бундай мустаҳкамлаш шаҳар хавфсизлигини етарлича таъминлай олмаяпти. Пойдевор аста-секинлик билан бузилмоқда ва кун келиб, Кируна шунчаки ер остига чўкиб кетиши мумкин. 

The New York Times нашрининг ҳисоб-китобларига кўра, Швеция шаҳри улкан фожиа рўй беришидан аввал яна 100 йиллик муддати бор. Маҳаллий аҳолининг айтишича, улар эҳтимолий оқибатлардан ўтган асрнинг 80-йилларида огоҳлантирилган, аммо бунга жиддий эътибор беришмаган. Уйлар ёнидаги илк ёриқлар эса 2003 йилдаёқ қайд этила бошланганди. 

Фото Vice

2004 йил апрелида Кируна шаҳар ҳокимлиги LKAB компаниясидан кон ҳудудини навбатдаги кенгайтириши хусусидаги огоҳлантириш мактубини олган. Бу шуни англатар эдики, рудаларни қазиб олиш учун янги ҳудуд очилгудек бўлса, 3 минг хонадон, 200та хусусий уй ва кўплаб тарихий, савдо ва меҳмонхона комплекслари хавф остида қолади. Компания вакилига кўра, коннинг чуқурлашуви фожиа эҳтимолини камайтиради, аммо Кируна ҳукумати нимадир қилиш кераклигини тушуниб етди. 

“Уларнинг олдида эса 2та йўлдан бирини танлаш ихтиёри бор эди. Конни ёпиб, оммавий ишсизликка эга бўлиш ёки шаҳарни кўчириш”, - дейди White Arkitekter компанияси ходими Микаель Стенквист. 

Айтиш жоизки, унча йирик бўлмаган кончилар шаҳарчаларини кўчириш жаҳон амалиётида амалга оширилган ишдир. Хусусан, Хитой ва АҚШда конлар аҳоли пунктларига яқинлашганида кўчириш ишлари амалга оширилган. Бундай ҳолатларда, одатда шаҳарлар янгидан барпо этилади, янги уйлар, мактаблар ва шифохоналар учун маблағларни давлат тўлайди. 

Бироқ, Кирунада нафақат LKAB компанияси ходимлари истиқомат қилади. Лапландия шаҳри ўзининг тарихий бинолари билан ҳам машҳур. Масалан, ёғочдан қурилган қизил черков 2001 йили Швециянинг энг чиройли биноси деб тан олинган. Шунчаки бино ва иншоотларни бузиш билан айнан шу каби биноларни томоша қилиш учун келаётган сайёҳлар оқимини кескин камайтириб юбориш ярамайди. 

Бир неча ойлик муҳокамалардан сўнг, Кируна ҳокимлиги «Биз шаҳарни кўчирамиз» дея эълон қилди.

Буюк кўчиш

Режага кўра, келаси 20-30 йилда барча 18 минг аҳоли кондан хавфсиз масофада бўлиши керак. Албатта, Швеция шаҳри барча уйлар ва инфратузилмаларни тўлиқ янги жойга кўчириш имконсиз эканини англаб турибди. Биноларнинг аксарияти бузилади, бироқ ҳокимлик ва LKAB «шаҳар тарихи»ни қандай сақлаб қолиш борасида ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Кўчиш лойиҳаси 3 йил давом этди. 2005 йили ҳукумат шимолда янги туман барпо қилишни таклиф этди. Бироқ, у ерда бир неча ўн йиллар муқаддам фаолият кўрсатган эски конлар борлиги бу фикрни йўққа чиқарди. Томонлар янги шаҳарнинг жойи хусусида узоқ вақт келиша олмади, аммо кейинчалик лойиҳачилар шарқдаги тепаликка эътибор қаратишди. 

2007 йили шаҳар кенгаши шаҳар маркази (темир йўл, трасса ва ичимлик сув тармоғи) ва асосий тарихий биноларни хавфли кондан 3 км шимоли-шарққа кўчиришга қарор қилди. Бу лойиҳа 1 млрд доллар деб баҳоланди, LKAB компанияси харажатларнинг катта қисмини ўз зиммасига олишга ваъда берди. 

Кўчиш лойиҳаси

Таъкидлаш лозим, ҳатто LKAB экспертлари ҳам лойиҳанинг умумий қиймати қанча бўлишини ҳатто тахмин қила олишмаяпти. Чунки у бир неча 10 йилга мўлжалланган. Шундай қилиб, шаҳар босқичма-босқич шарққа кўчирилади. Дастлаб, бевосита конга яқин туманлар, сўнгра Кирунанинг бошқа ҳудуди кўчади. 

Архитектор Микаэль Стенквист эса лойиҳани «хавфдан аста-секинлик билан қочишга уринадиган улкан мингоёқ»қа қиёслади. Биринчи босқич 2015 йилдаёқ бошланиши керак эди, аммо бу вақтга келиб, ишчилар кўчиши белгиланган уйларнинг бир қисмини бузиб бўлишди, холос. 

Айни вақтда, Кирунанинг бошқа ҳудуди вайрон бўлишни бошлади. 60-йиллардаги тупроқларнинг чўкиши шаҳарнинг конга яқин ҳудудига катта зарар етказди. Сўнгги бир неча йил давомида шаҳар темир йўл вокзали, ҳокимлик биносини бой берди. 

The New York Times газетасига кўра, 400 оиладан кўпроқ хонадон ўз уйларини тарк этган. Шаҳар аҳолисининг асосий қисми 2020 йилдан кўчишни бошлайди. Шартнома шартларига кўра, LKAB шаҳарликлар хонадонининг 125 фоиз қийматини тўлаб уларни харид қилади. Улар бу пулга янги туманда уй харид қилишлари мумкин бўлади. 

Янги ҳудудда ҳокимликнинг янги биноси қурилиши бошлаб юборилган. Янги марказдаги тураржойлар жорий йил ёзидан бошланади. 

Кўчиш лойиҳаси

Янги шаҳар

Шаҳарни кўчириш ишлари билан White Arkitekter қурилиш компанияси шуғулланмоқда. Унинг ходимлари шаҳарни янги жойга кўчиришни «катта синов» деб баҳолашди ва кўчиришнинг 20 йиллик режасини тақдим этишди.

Архитекторларнинг айтишларича, энг мураккаб жараён биноларни кўчириш ва уларнинг атрофида янги шаҳарни барпо қилиш баробарида маҳаллий маданият ва менталитетни аввалгидек сақлаб қолишдир. «Янги Кируна» қурувчиларига ўз ҳаракатларида эркинлик тақдим этилган бўлса-да, улар шошишга мажбур. Чунки, эски шаҳарни исталган вақтда ер «ютиши» мумкин. 

Лойиҳа муаллифлари шаҳар марказини жамоат жойлари, майдонлар ва дўконлари бўлган ҳамда кишиларни жалб эта оладиган ҳудудга айлантиришни ўйлашмоқда. Бунда эски шаҳардан кўчириб келтирилган тарихий бинолар муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, бузилган уйлардан чиққан қурилиш материалларининг яроқлилари янги шаҳарни барпо этишда қўлланилади. Кончилар фаолияти таҳдид солмаётган эски шаҳар ҳудудлари паркларга айлантирилади. 

Гарчи режа бўйича кўчиш учун 20 йил белгиланган бўлса-да, White Arkitekter мутахассислари лойиҳа 2100 йилда тўлиқ тугалланишини айтишмоқда. Бу вақтга келиб, Кируна «замонавий экошаҳар»га айланиши керак. 

Шаҳарнинг аксар аҳолиси аллақачон бир неча йилдан сўнг, бошқа Кирунада истиқомат қилишларини тушуниб туришибди. Аммо, кўчиш қарорини барча бирдек қабул қилмаётган бўлса ҳам, уларнинг ҳаммаси бошқа йўли йўқлигини яхши англашмоқда. Назарий жиҳатдан LKAB компаниясини конларни ёпишга мажбур қилиш мумкин эди, аммо бу ҳолатда ишсизлик туфайли шаҳар ҳувиллаб қоларди. Ҳоким ўринбосари Никлай Сирен The Atlantic мухбири билан суҳбатда «консиз шаҳар, шаҳарсиз кон йўқ, улар ўзаро уйғунликда мавжуддир», деган фикрни билдирган.

Кируна аҳолисининг баъзилари, ҳатто, лойиҳа ишлаб чиқарилаётган йилларда кўчиш амалга ошишига шубҳа билан қарашган. Бироқ, хавфсиз ҳудуд барпо этилишидан аввалроқ, муаммолар пайдо бўла бошлади. Швециянинг Norrländska Socialdemokraten газетаси ёзишича, «Янги Кируна» тупроғида зарарли моддалар: кобальт, мис, қўрғошин ва никелнинг юқори миқдорли аралашмаси борлиги аниқланди. Шу сабабли янги шаҳардаги янги уйлар қурилиши чўзилиб кетиши мумкин.

Бундан ташқари, айримлар LKAB компанияси яна бир марта кон ҳудудини кенгайтиришга қарор қилса, 3 км.га кўчиш етарли эмас, деб ҳисобламоқда. Ер хўжалигини ривожлантириш департаменти раҳбари Ева Экелунднинг сўзларига кўра, янги шаҳар маркази остида ҳам темир рудаси кони жойлашган. Бу эса, кончилар исталган вақтда бу ерда ҳам қазиб олиш ишларини ўтказиши мумкинлигини англатади. 

«Янгии Кируна» маркази режаси

Айрим уйлар қисман кўчириладиган бўлса, бошқалари тўлиқ олиб ўтилади. Шаҳар кўчиши эълон қилинганидан 13 йил ўтиб, 24 май куни LKAB ходимлари илк бино — Кирунадаги илк уйлардан бири, шаҳар ва тоғ-кон фирмаси асосчиси Хьялмар Лундбом қурган уй йирик юк машинасида янги жойга кўчирилди. Музейга айлантирилган уй ҳам кўчириладиган бинолар рўйхатига киритилган эди. 

Фото Ноэлла Йоханссон 

Умуман, 2017 йилда 8та тарихий бино кўчирилади. Бунда кўчишнинг энг мураккаб босқичларидан бири бу черковни кўчиришдир. Дастлаб унинг ёғочларини олиб, «Янги Кируна» марказида қайтадан тиклашни режалашди. Аммо, бу Швециянинг энг чиройли биноси учун хавфлидир. Стенквистнинг таъкидлашича, черковга бирор кор-ҳол бўлса, уни фожиа дейиш мумкин бўлади. Шу сабабли уни бир неча юк машиналари ва кранлар ёрдамида кўчиришга қарор қилинди. 

Шунингдек, янги ҳудудда бешта меҳмонхона, шифохона, бошланғич мактаб ва спорт маркази бўлади. LKAB режасига кўра, қизил черков тарихий бинолар орасида энг охирида кўчирилади. Шу билан Кируна «Янги Кируна»га айланади.

Швеция шаҳарчасининг тажрибаси дунёнинг бошқа мамлакатларини қизиқтириб қўйди. Улар глобал иқлим исиши таҳдид солгудек бўлса, Кируна тажрибасидан фойдаланишни ўйлашмоқда. Шаҳар маъмуриятининг айтишича, агар улар янги жойда тез ва муваффақиятли жойлашиб олишса, экологик ташкилотлар ва бошқа шаҳарларга намуна бўла олишади. 

Таъкидлаш лозимки, Кируна шаҳри аҳолиси қатор ноқулайликларга қарамай, илк имконият бўлган вақтдаёқ, мамлакатнинг бошқа ҳудудига кўчиб кетмади. Конлардаги портлашлар ва уй ер остига чўкиб кетиши эҳтимолида истиқомат қилиб келган аҳоли бирлашиб, «Янги Кируна»да ҳам бирга бўлишга шайдирлар. Шаҳар келажагига доир йиғилишлардан бирида, Питер исмли фуқаро: «Биз 125 йил ёнма-ён яшадик. Шунинг учун ҳаракатлансак ҳам бирга ҳаракатланамиз», деган баландпарвоз, аммо ҳақиқат бўлган сўзларни айтган эди.

Мавзуга оид