Ўзбекистон | 16:30 / 31.05.2017
17438
2 дақиқада ўқилади

Борий Алихонов: Ўтган давр мобайнида Орол денгизи сатҳи 29 метрга пасайди

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро Пресс-клубнинг баҳорнинг сўнгги кунида ўтказилган "Экология ҳафталиги-2017" очилиш маросимига бағишланган сессиясида бугунги кундаги энг катта муаммолардан бири - тоза ичимлик суви эканлиги қайд этилди. Шу ўринда Абу Райҳон Берунийнинг "Агар инсонлар табиат бойликларига беписандлик билан қарашса, бир кун келиб, табиат ҳам худди шундай жавоб қайтаради" деган сўзлари ёдга олинди. 

Тадбирда иштирок этган "Кун.уз" мухбирига кўра, йиғилишда оғриқли мавзу - Орол денгизи муаммоси тилга олинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Борий Алихоновнинг маълум қилишича, ўтган давр мобайнида Орол денгизи сатҳи 29 метрга пасайган. У ердаги 20 та эндемик балиқ туридан бирортаси қолмаган. Орол денгизининг ўрнига Оролқум пайдо бўлган. Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Орол муаммоси бўйича 4 миллиард 8 миллионлик лойиҳа амалга оширилади. БМТ шафелигида Халқаро Конвенция ишлаб чиқилади ва қабул қилинади. 

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили вазифасини бажарувчи Фарид Карахановнинг сўзларига кўра, сўнгги ўн йилликларда экологияга жиддий зиён етказилган. Шунга кўра, БМТ Тараққиёт Дастури уч йўналиш бўйича иш олиб боришни ўз олдига мақсад қилган:

1. Иқлимнинг ўзгариши;
2. Табиий ресурсларни сақлаб қолиш;
3. Табиий офатларнинг олдини олиш.

Бундан ташқари, ўсимлик ва ҳайвонот оламига доир ҳужжатлар тўплами тайёрланаётгани, бу масала бўйича Қонунчиликка ўзгаришлар киритилиши таъкидланди.

Мавзуга оид