Фан-техника | 00:05 / 03.06.2017
26153
5 дақиқада ўқилади

Бугунги кунда харид қилиш мумкин бўлган 10та энг чиройли автомобиль

Автомобиль — бу А нуқтадан Б нуқтага етиб бориш, ҳаракатланиш воситаси. Баъзан, албатта, улар ўзига хос санъат асари даражасига чиққан бўлади. Business Insider замонамизнинг энг яхши ишлаб чиқарувчилари томонидан тақдим этилган 10та энг чиройли автомобиль рўйхатини тақдим этди.

10. Mazda MX-5: ‎25 790 АҚШ доллари. Ўтган чорак аср мобайнида Mazda MX-5 Miata барча даврларнинг энг кўп сотилган спорт машинаси бўлган эди.

Шунга қарамай, унинг аввалги моделлари унчалик ўз услуби билан ажралиб турмас эди. Тўртинчи авлод MX-5 эса — умуман бошқа автомобилдир. Бугун унинг ташқи кўриниши ажойиб: унда, спорт, нафислик ва чизиқлар уйғунлиги мужассамлашган.

9. Jaguar F-PACE: 42 985 доллар. Йўлтанламаслар доим ҳам дунёнинг энг чиройли автомобиллари рейтингига киритилавермайди. Аммо Jaguar F-PACE ҳақида бундай деб бўлмайди.

Jaguar компаниясининг дизайн бўйича директори сэр Ян Каллум ушбу машиналарга хос бўлган жиҳатларни йўлтанламасга ўзига хос усталик билан кўчира олди.

8. Alfa Romeo Giulia: 38 990 доллар. Alfa Romeo, таъбир жоиз бўлса, ҳеч қачон “кўпни ичида йўқолиб қолмайди”. Хусусан, янги Giulia седани борасида ҳам бемалол шу фикрни билдириш мумкин.

Унга бир қарашда кишини ўзига ром қилувчи нарса унинг учбурчак радиатор қафасидир. Иккита жуфт тутун қувурлари ва кенг диффузор янада кўркамлик бахш этган.

7. Lexus LC 500: 92 975 доллар. Lexus’нинг ноодатий радиатор қафаси кўплаб тортишувларга сабаб бўлган. Шунга қарамай, янги люкс тоифасидаги купеда у умуман бошқача, ажойиб кўринади.

Автомобилнинг умумий кўриниши нафислик ва агрессивликни бирлаштиргандек таассурот уйғотади.

6. Ferrari LaFerrari Aperta: нархи номаълум. Кўпчилик Ferrari жозибасидан лол қолади. Чунки, у ахир Ferrari. Аммо, тан олиш керак, компания дизайнерлари сўнгги 15 йил мобайнида бир неча бор хатога йўл қўйишди. Лекин, бу гап LaFerrari Aperta борасида эмас.

У нимаси биландир фазо кемасини эслатса, бошқа жиҳати билан Маранеллода ишлаб чиқарилган классик суперкар эканини билдириб туради.

5. Lamborghini Huracán: ‎203 295 доллар. Танқидчилар Lamborghini Huracán жуда оддий кўринади, деган фикрни илгари суришади. Ҳақиқатдан ҳам унинг ташқи кўриниши ҳатто Aventador олдида ҳам унчалик ажойиб эмас. Бироқ, суперкар бир қарашда жуда ҳам замонавий кўринади.

Huracán дизайнида ҳам бошқа Lamborghini моделларидаги каби буқанинг ўжарлиги кўзга ташланади.

4. Aston Martin DB11: ‎214 820 доллар. Қачонлардир, Aston Martin мотори ўт олдирилганида экранида «Куч, гўзаллик ва моҳият» сўзлари акс этар эди. DB11’да бу сўзлар йўқ. У ташқи кўринишидан шу сўзларни ифодалаб турган тассурот уйғотади.

DB11 ташқи кўриниши устида Марек Райхман ишлаган. Айнан DB11 DB7’дан тубдан фарқ қилади.

Энди эътиборингизга Топ-3ликни ҳавола қиламиз.

3. Pagani Huayra: 1 070 500 доллар. Huayra — Италиянинг Pagani Automobili компаниясининг иккинчи суперкари бўлиб, Zonda автомобилининг ўрнини эгаллади.

Компания асосчиси Горацио Паганини автомобиллар дунёсининг Стив Жобси дейиш мумкин. Ишончингиз комил бўлаверсин, унинг машиналарида бирорта ҳам майда деталь эътиборсиз қолмайди. Дизайндан аэродинамикагача, барчаси алоҳида эътибор билан ишлаб чиқилади.

Натижада ракетага ўхшаб кетадиган гиперкар пайдо бўлди. Унинг энг юқори тезлиги соатига 370 километрни ташкил этади.

 

2. Ford GT: 453 750 доллар. Ford GT ҳақиқий америкача суперкар. Ҳа, унга ўхшаб бир қарашда автомухлисларнинг кўзини қувонтирадиган машиналар жуда кам топилади.

Бу суперкар — пойга аэродинамикаси ва жозибадорликни ўзида мужассамлаштирган.

GT дизайни Ян Каллумнинг кичик укаси Морей Каллумга тегишли эканини қайд этиш ўринли

 

1. Jaguar F-Type: 62 395 доллар. Сэр Ян Каллум кунларнинг бирида “ҳақиқий Jaguar бир вақтнинг ўзида чиройли ва оддий бўлиши керак”, - деган эди.

F-Type — айнан ушбу ғоянинг амалдаги аксидир.

Суперкар илк маротаба 2014 йилда пайдо бўлди, аммо ҳамон дунёнинг энг чиройли автомобилларидан бири бўлиб қолмоқда.

 

Мавзуга оид