Жаҳон | 23:28 / 05.06.2017
40720
7 дақиқада ўқилади

Қатарнинг қўшни давлатлар билан зиддияти асоратлари - озиқ-овқат, футбол ва авиация...

Фото: Reuters

Саудия Арабистони, Миср, Баҳрайн, Бирлашган Араб Амирликлари, Ливия ва Яман мамлакатлари Қатар билан дипломатик алоқаларни узишди. Бу Қатар иқтисодиёти ва ушбу мамлакатда ўз бизнесини юритаётганлар учун қандай таъсир кўрсатиши мумкин? BBC шу ҳақдаги мақоласи билан бўлишди. 

Қатар аҳолиси - атиги 2,7 миллион киши, лекин Арабистон яриморолининг шимоли-шарқий қирғоғидаги бу мамлакатнинг таъсири унинг камтарона ҳажмига номутаносибдир. 

Қатар ўзининг Qatar Airways миллий авиакомпанияси, "Ал-Жазира" халқаро телеканали, шунингдек спорти билан дунёга машҳур - амирлик Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионатини қабул қилади, шу билан бирга жаҳоннинг энг машҳур футбол клубларидан бири - "Барселона"га ҳомийлик қилади. 

Қатарнинг пойтахти Доҳада сўнгги йилларда кўплаб осмонўпар бинолар қурилди, уларда трансмиллий компанияларнинг идоралари очилди. 

Саудия Арабистони ва унинг иттифоқдошлари билан муносабатларни узиш Қатар учун бир қатор салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. 

Рейслар тўхтатилади

Абу-Дабидан парвозларни амалга оширувчи Etihad Airways ва Дубайда жойлашган Emirates авиакомпаниялари сешанба тонгидан бошлаб Қатарга амалга ошириладиган рейсларни тўхтатади. Уларнинг ҳар бири кунига тўрт марта Доҳага икки томонлама рейсларни амалга оширади. 

Шунингдек Fly Dubai бюджет авиакомпанияси ҳам ушбу йўналиш бўйлаб парвозларига чек қўяди, унинг кетидан эса Баҳрайннинг Gulf Air ва Мисрнинг Egyptair авиакомпаниялари ҳам рейсларни тўхтатиши мумкин.

Саудия Арабистони, БАА, Баҳрайн ва Миср мамлакатларида Қатар билан авиахабарлашувни тўхтатиш ва Қатар самолётлари учун ҳаво кенглигини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Бу эса Qatar Airways учун жиддий зиён келтиради. Биринчидан, у Дубай, Абу-Даби, Ар-Риёд ва Қоҳирага амалга ошириладиган ўнлаб кундалик рейсларни бекор қилишига тўғри келади. 

Иккинчидан, яна бир муҳим жиҳат, минтақадаги ҳаво кенгликларини ёпиш авиакомпанияни парвозлар йўналишларини ўзгартиришга мажбур қилади. 

Кўплаб рейсларнинг масофасини узайтиришга тўғри келади ва бу ташувчи учун жиддий муаммо ҳисобланади: бу ёқилғи харажатларини оширади ва йўловчиларнинг норозилигини келтириб чиқариши мумкин. 

Qatar Airways йўловчиларни нафақат бевосита Қатарга саёҳат қилиши билан жалб қилиб келади, балки Европадан Осиё ёки Австралияга парвоз қилишда Доҳада тўхташ имконини бериб, қулайлик яратар эди. 

"Агар авваллари 6 соатни банд этган Европа саёҳати энди йўналишларни ўзгартириш зарурати туфайли 8-9 соат давом этадиган бўлса, бу йўловчилар учун ноқулайлик туғдиради ва улар бошқа ташувчиларга мурожаат қилишади", - дейди Cornerstone Global консалтинг компанияси директори Ганем Нусейбе.

Маҳсулотлар қимматлашади

Қатарнинг катта қисми чўллардан иборат. Бундай мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш қийин.  Қатар учун вазиятнинг мураккаблашуви яна шундан иборатки, унинг қуруқликдаги ягона чегараси - Саудия Арабистони билан.

Бу чегарадан ҳар куни юзлаб юк машиналари ўтади ва бу юкларнинг асосий тоифаларидан бири озиқ-овқат маҳсулотларидир. Қатарга келиб тушадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг 40 фоизи айнан шу йўналиш бўйича келади. 

Энди эса Саудия Арабистони чегарани ёпишга қарор қилди, шундай экан, бундан буён Қатарга фақат денгиз ёки ҳаво орқали озиқ-овқат етказиш мумкин бўлади. 

REUTERS

"Бу сўзсиз инфляцияга олиб келади ва тўғридан-тўғри Қатар аҳолиси ҳаётига таъсир кўрсатади, - дея изоҳ беради Нусейбе. - Агар ҳамма нарса қимматлашса, қатар халқи ё раҳбарият ўзгариши, ёки йўналишни ўзгартиришни талаб қилиб, ҳукмрон оилага босим кўрсата бошлайди".

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, ўртаҳол аҳоли ҳар ҳафта, баъзан эса ҳар куни Саудияга бориб, арзонроқ нархда маҳсулотлар харид қилади. Чегара ёпилганидан сўнг эса бундай имконият бўлмайди. 

Қурилиш тўхтаб қолади

Бугунги кунда Қатарда Футбол бўйича 2022 йилги жаҳон чемпионати билан боғлиқ бир қатор йирик кўламли қурилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда: хусусан, бу ерда тиббий муассасалар комлекси, метро ва саккизта стадион қурилмоқда. 

Асосий қурилиш материаллари денгиз орқали, қисман қуруқликдан - Саудия Арабистонидан олиб келинади.

Саудия чегарасининг ёпилиши озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиши қаторида, қурилишларнинг тўхтаб қолиши ва нархларнинг ошишига олиб келади. 

Қатар қурилиш комплексида бусиз ҳам қурилиш материаллари танқисдир. Саудия йўналишининг ёпилиши эса мазкур муаммони янада чуқурлаштиради. 

REUTERS

Агар ҳаво кенглиги ва қуруқликдаги чегаранинг ёпилиши узоқ давом этса, у ҳолда 2022 йилги жаҳон чемпионатига тайёргарлик графиги бузилиши мумкин, дея хавфсирамоқда Америкадаги Бейкер Институтининг Форс кўрфази мамлакатлари бўйича эксперти Кристиан Ульрихсен.

Меҳнат ресурслари

Саудия Арабистони, БАА ва Баҳрайн ҳукуматлари ҳам ўз фуқароларига Қатарга учишни, у мамлакатда яшашни ва ҳатто транзитни тақиқлаб қўйишди. Ҳозирда Қатарда бўлган кишилар эса 14 кун ичида амирликни тарк этиши керак бўлади. 

Саудия, БАА ва Баҳрайндаги қатарликларга ҳам бу мамлакатлар ҳудудини тарк этиш учун худди шундай муддат берилган. 

Агар Миср ҳам шундай чоралар кўрадиган бўлса, асоратлар янада жиддий бўлади. Яқинда ўтказилган тадқиқотларга кўра, Қатарда тахминан 180 минг нафар мисрлик истиқомат қилади - бу нафақат қурувчилар, балки шифокор ва ҳуқуқшунослар ҳамдир. Бундай ишчи кучининг йўқотилиши Қатарда ўз ваколатхоналарига эга бўлган халқаро компаниялар учун муаммолар туғдириши аниқ. 

Қатардаги шартномалар бекор қилина бошланди. Кўрфаз мамлакатларининг кўплаб фирмалари Қатарда ўз улушига эга, шу жумладан чакана савдо соҳасида ҳам. Уларнинг дўконлари ёпилиши кутилмоқда, ҳар ҳолда - вақтинчалик, дея тахмин қилади Нусейбе.

Саудиянинг энг йирик "Ал-Аҳли" футбол клуби эса  Qatar Airways ҳомийлигидан воз кечишга улгурди...

Мавзуга оид