Ўзбекистон | 03:44 / 15.06.2017
38824
3 дақиқада ўқилади

Вилоятларда ёқилғи етишмовчилиги ҳолатига нима сабаб бўлмоқда?

14 июнь куни Халқаро Пресс-клубда “Ўзбекнефтгаз: янги даврга янги стратегия билан” мавзусидаги навбатдаги сессия бўлиб ўтди. Сессия давомида Ўзбекистондаги нефть ва газ соҳасидаги мавжуд вазият ҳамда соҳанинг истиқболлари, шунингдек янги лойиҳалар муҳокама қилинди.

Бизга сир эмаски, мамлакатимизнинг чекка ҳудудларида ёқилғи тақчиллиги ҳолати мавжуд. Бунга Кун.уз сайтининг мухбирлари ҳам вилоятларга уюштирилган сафарларда гувоҳ бўлишди. Ёқилғи сотиш шохобчаларида  бензин чекланган миқдорда бўлади. Бензин тамом бўлгач, мижозлар ёқилғи излаб сарсон бўлишади. 

Бу каби ҳолатларга қачон чек қўйилиши барчани қизиқтириши табиий, албатта.   

Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида иштирок этган Кун.уз мухбири юқорида қайд этилган масала бўйича мутасадди ташкилот вакилига мурожаат қилиб, керакли жавобни олди. 

"Ҳозирда барча вилоят ҳокимлиги ёки маҳаллий туман ҳокимликларида график жорий қилинган. Эндиликда нефть импортини камайтириш ва ўзимизда ишлаб чиқарилаётган хом-ашёдан экологик ёқилғига ўтиш сиёсати амалга оширилади. Айни дамда вилоятларда 90 фоиз автотранспорт воситалари газга ўтган. Шунингдек, ҳозирда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобиллар ҳам газ ўрнатишга мосланган", - дея жавоб берди "Ўзнефтмаҳсулот" компаниясининг бошқарув раиси Музаффар Файзиев.
 
Олиб борилган таҳлиллар шуни кўрсатадики, хусусий ёқилғи шохобчалари белгиланган миқдорда ва ўз вақтида бензинларни сотса, ёқилғи барчага етади. Бироқ уларнинг айримлари кўпроқ даромад олиш мақсадида, ёқилғини "олиб-сотар"ларга тарқатади. Бу каби вазиятлар ҳамда шохобчаларда юзага келувчи навбатлар назорати эса Ўзнефтгаз инспекциясининг ваколатига киради.

"Шунингдек, яқин келажакда аҳолининг ёқилғидан газга ўтишини таъминлаш учун газ нархини 5 йил ичида  оширмаслик бўйича янги дастур лойиҳаси ўрганилмоқда. Бу эса ўз навбатида ёқилғи шохобчаларидаги тирбандлик, бензиннинг кўчаларда "норасмий" сотилишини олдини олади ҳамда ўзимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотдан оқилона фойдаланишга имкон беради", - дея қўшимча қилди Музаффар Файзиев.  

Маълумот ўрнида: Ҳозирда Ўзбекистон уч мамлакат - Россия, Қозоғистон ҳамда Туркманистондан нефть сотиб олади. 

Мавзуга оид