Спорт | 23:51 / 22.06.2017
10762
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг собиқ энг яхши теннисчиси банкрот деб эълон қилинди

Фото: Getty Images

Германиялик собиқ биринчи рақамли теннисчи Борис Беккер Лондон Олий судидаги жараёнда банкрот деб эълон қилинди. Бу ҳақда ВВС хабар бермоқда.

Ҳозирда мураббийлик ва спорт шархҳловчилиги билан шуғулланувчи Беккер устидан судга Лондоннинг Arbuthnot Latham банки арз қилган. Банк вакилининг айтишича, теннисчи катта миқдорда кредит олиб, уни белгиланган вақтда – 2015 йил октябрида қайтариб бермаган. Кредит миқдори маълум қилинмаган.

Собиқ спортчи Лондон судига келмаган, унинг адвокатлари ишнинг кўриб чиқилишини 4 ҳафта кейинга суришни, бу орада Беккер зарур бўлган 6 млн еврони Испаниядаги кўчмас мулки ижарасидан тўплай олиши ва қарзни узишини айтишган.

Лондон банки бу таклифга қарши чиққан ва иш кўрилиши шундоқ ҳам сурилгани, бироқ бу вақт ичида спортчида тегишли миқдордаги пул борлигига ҳеч қандай исбот пайдо бўлмаганини таъкидлаб ўтган. Натижада судья арзчининг эътирозларини инобатга олган.

"Бу эски қарз. Бундан гўёки одам бошини қум остига яшириниб олгандек таассурот пайдо бўлмоқда", деб айтган судья. Таъкидлаш жоизки, аввалроқ собиқ спортчининг бойлиги 35 млн долларга баҳоланаётганди.

Мавзуга оид