Жамият | 13:05 / 22.06.2017
14311
2 дақиқада ўқилади

Қуёш тизимида иккинчи Марс бор экани тахмин қилинди

Аризона университетилик астрономлар Қуёш тизимида ҳажми бўйича Марс билан тенг бўлган ўнинчи сайёра бор эканини истисно этишмади. Тадқиқот The Astronomical Journal’да эълон қилишга юборилган, деб хабар бермоқда New Scientist.

Марсга ўхшаш сайёра Койпер белбоғи – Нептун орбитасидан ортда жойлашган ва кўплаб музли осмон жисмларига эга Қуёш тизимининг қисмида жойлашган.

Олимлар томонидан олиб борилган ҳисоб-китобларга кўра, ўнинчи сайёра Қуёшдан тахминан 50 астрономия бирлиги узоқликда жойлашган бўлиши мумкин, унинг орбитаси эса эклиптика юзасига саккиз даражада энгашган. Осмон жисми Койпер белбоғидаги маълум объектларга таъсир кўрсатади ҳамда афтидан, қадимда Қуёшга яқин ерда бўлган.

Айни дамда Қуёш тизимида расман саккизта сайёра бор: Меркурий, Венера, Ер, Марс, Юпитер, Сатурн, Уран ва Нептун. 2016 йилнинг январида америкалик олимлар тўққизинчи сайёра бор экани ҳақида далилларни топишди, у Нептунни эслатиб юборади, бироқ Қуёшдан 600-1200 астрономия бирлиги узоқликда жойлашган.

Мавзуга оид