Жаҳон | 20:25 / 14.11.2024
30760
2 дақиқада ўқилади

Кичик астероид Ер билан тўқнашишдан атиги икки соат олдин аниқланди

Астероиднинг диаметри 1 метрдан ошмагани учун ҳеч қандай хавф туғдирмади.

Фото: Getty Images 

Олимлар кичик астероидни Ер атмосферасида ёниб кетишидан атиги икки соат олдин аниқладилар. У сайёрамиз томон учаётган самовий жисмларни кузатувчи мониторинг тизимларини четлаб ўтишга муваффақ бўлди.

Астероидга 2024 UQ номи берилди. Унинг диаметри 1 метрдан ошмагани учун ҳеч қандай хавф туғдирмади.

Ушбу жисм 22 октябр куни Астероид огоҳлантириш тизими (ATLAS) томонидан аниқланди. Бу Ҳавайидаги тўртта телескопдан иборат тармоқ бўлиб, улар доимий равишда осмондаги ҳаракатланувчи объектларни текширади. Аниқланганидан икки соат ўтгач, астероид Тинч океани устидаги атмосферада ёниб кетди.

Телескоплар астероидни сайёрага жуда яқин қолганида «сезди». Олимларнинг тушунтиришича, ATLAS тўқнашув эҳтимоли юқори бўлган жисмни ўз вақтида аниқлай олмаган, чунки у икки телескоп кузатув майдони чегараси яқинида жойлашган.

«Астрометрик маълумотлар тўқнашувни кузатиш тизимларига етиб боргунга қадар, астероид аллақачон атмосферага кирган эди», деб таъкидлади мутахассислар.

2024 UQ бу йил Ер билан тўқнашган учинчи объектдир. Кенглиги тахминан бир метр бўлган 2024 BX1 январда Берлин осмонида ёниб кетди, 2024 RW1 сентябр ойида Филиппин осмонида портлади.

Олимлар нафақат астероидларни кузатиш технологияларини, балки Ер учун хавфли объектни бошқа тарафга йўналтирувчи тизимни ҳам ишлаб чиқмоқда. 2022 йилда NASA космик аппарати қўш астероид тизимига қулаб тушиб, Диморф номли объектни орбитадан буриб юборган эди. Тўқнашув тезлиги соатига 22 минг км дан ошди.

Мавзуга оид