Жамият | 18:50 / 23.06.2017
8778
2 дақиқада ўқилади

Жонни Депп: "Қачон охирги марта актёр президент жонига суиқасд қилганди?"

Фото: Getty Images

Америкалик актёр Жонни Депп АҚШ президенти Дональд Трампнинг Буюк Британияга ташрифи республикачи ҳаётининг сўнгги лаҳзалари бўлиши мумкинлигини айтиб ҳазиллашди. У Гланстонберидаги мусиқий фестивалда сўзлаган нутқида шундай фикр билдирди. 23 июнь куни The Guardian шу ҳақидаги хабари билан бўлишди. 

"Қачон охирги марта актёр президент ҳаётига суиқасд қилганди?" - дея савол билан юзланди Депп йиғилганларга. Депп унинг ўзи актёр эмаслигига аниқлик киритди: "Мен алдайман ва шунинг кетидан яшаш учун пул топаман. Шундай бўлса-да, президентнинг ўлими анчадан бери кузатилмаган эди, эҳтимол айни вақтидир?", - деди "қароқчи". 

"Бу шунчаки савол. Мен ҳеч нарсага шаъма қилаётганим йўқ. Айтганча, бу гапларим ОАВда чоп этилади ва бу даҳшат, албатта", - дея таъкидлади Депп.

Нашрда қайд этилишича, 1865 йилда АҚШнинг 16-президенти Авраам Линкольнни америкалик актёр Жон Уилкс Бут ўлдирган. У спектакль вақтида давлат раҳбарининг бошига қарата ўқ узган. 

Бундан аввал Трамп ҳақида кескин фикр билдирган актёрлар орасида Роберт Де Ниро номини ёдга олиш мумкин. 2016 йилнинг ноябрида у республикачининг юзига зарба бериш ҳақида орзу қилишини айтган. Кейинроқ у бу шаштидан қайтганини айтган.

Жонни Депп "Кариб денгизи қароқчилари" франшизаси ҳамда "Йиғлоқи", "Мурда", "Донни Браско", "Аризона орзуси", "Лас-Вегасдаги қўрқув ва нафрат", "Қора месса" каби фильмларда бош ролларни ижро этган. 

Мавзуга оид