Жамият | 13:53 / 28.11.2024
22057
3 дақиқада ўқилади

Янгийўлда бир оиланинг 5 аъзосини ўлдирган шахс умрбод озодликдан маҳрум қилинди

29 ёшли эркак жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш, номусга тегиш, қабрни таҳқирлаш, босқинчилик ҳамда мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш жиноятларини содир этишда айбли деб топилган. Суд ҳукмига кўра, у тайинланган умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини махсус тартибли колонияларда ўтайди. 

Фото: Бош прокуратура матбуот хизмати

Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида содир этилган жиноят – бир оиланинг 5 аъзоси ўлдириб кетилиши бўйича суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, бугун Тошкент вилоят судида 1995 йил Наманган вилоятида туғилган З.С.га оид жиноят ишини биринчи инстанциясида кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган. Жиноят иши Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судяси Б.Розиқов раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилган.

Суд ҳукми билан З.С. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми (Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш) “а, в, ж, з, и” бандлари, 118-моддаси (Номусга тегиш) 1-қисми , 134-моддаси (Қабрни таҳқирлаш), 164-моддаси (Босқинчилик) 3-қисми “в, г” бандлари ва 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) 2-қисми “б” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган. Унга Жиноят кодексининг 59-моддаси тартибида умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазони махсус тартибли колонияларда ўташ белгиланган.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги билдирилган.  

Маълумот учун, 2024 йил 26 июл куни Янгийўл туманидаги хонадонларнинг бирида ёнғин содир бўлган. Хонадонни кўздан кечириш давомида 5 нафар - 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, 2021, 2022 йилларда туғилган ўғил бола ва 2018 йилда туғилган қизнинг мурдалари турли тан жароҳатлари билан топилган. Кейинчалик ушбу жиноятни содир этишда гумонланган шахс процессуал тартибда ушлангани хабар қилинганди. 29 ёшли гумондор қурбон бўлган оиланинг қариндоши бўлган.  

Мавзуга оид