Жамият | 16:30 / 03.07.2017
16210
2 дақиқада ўқилади

"Порлоқ келажак" оромгоҳи болаларни чорлайди

Вобкент туманида “Порлоқ келажак” оромгоҳи фойдаланишга топширилди. Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Президентимиз раҳнамолигида ёш авлодни ҳар томонлама соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ўқувчиларнинг ёзги дам олиши тизимли ва самарали йўлга қўйилгани бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда.

“Порлоқ келажак” оромгоҳида амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишларида “Ўзпахтасаноат” акциядорлик жамиятига қарашли “Бухоропахтасаноат” ҳудудий филиали ва унинг тизимидаги қайта ишлаш корхоналари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, "Бухорогазсаноатқурилиш”, "Бухоронефтгазқурилиштаъмир” акциядорлик жамиятлари, “Вобкентмахсусқурилиш” масъулияти чекланган жамияти ва бошқа кўплаб пудрат ташкилотлари иштирок этди.

10 гектар майдонни эгаллаган оромгоҳдан 350 ўринли амфитеатр, минифутбол, баскетбол, волейбол, бадминтон майдончалари, сузиш ҳавзаси, маънавият ва маърифат маркази, 200 ўринли 4 ётоқхона, ошхона каби иншоотлар ўрин олган. Замонавий аттракционлар ўрнатилган. Маскан ҳудудидаги 22 метрлик тарихий тепалик сақлаб қолинган ҳолда замонавий қиёфа касб этди ва оромгоҳнинг ўзига хос логотип-брендига айланди. Оромгоҳда мавсум давомида 800 га яқин ўқувчи дам олади.

Айни пайтда бу ерда вилоятнинг турли ҳудудларидан келган ўқувчилар мароқли ҳордиқ чиқаришмоқда.

Бу ерда жисмоний чиниқиш баробарида компьютер саводхонлиги, тасвирий ва амалий санъат, ўлкашунослик, рақс, шахмат-шашка тўгараклари ҳам ташкил этилгани жуда яхши, – дейди Бухоро шаҳридаги 2-умумтаълим мактабининг 7-синф ўқувчиси Сакина Рустамова. – Кутубхонада китоблар кўп. Амфитеатрда ҳар оқшом ёшларга мос кинолар намойиш қилинмоқда.

Оромгоҳнинг очилиш маросими театрлаштирилган байрам томошалари, Ватан, тинчлик ва бахтиёр болаликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар ва шўх рақслар билан якунланди. Тадбирда шунингдек Бухоро вилояти ҳокими Ў.Барноев ҳам сўзга чиқди. 

Мавзуга оид