Ўзбекистон | 16:30 / 11.07.2017
48943
2 дақиқада ўқилади

Тошкент ёшлар иттифоқига раҳбар сайланди

Республика бўйлаб Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳудудий кенгашларининг кенгайтирилган йиғилишлари старт олди. Бу ҳақда «Кун»га ташкилотнинг матбуот хизмати хабар қилди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши томонидан кенгайтирилган йиғилишларни юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш бўйича махсус ишчи гуруҳ тузилиб, чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга мувофиқ, йиғилишларни ўтказиш юзасидан ҳудудий кенгашларга услубий ва амалий ёрдам кўрсатилди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва Андижон вилоятида бўлиб ўтган йиғилишлар давомида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 30 июнь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда белгилаб берилган вазифалар ижросини ташкил этиш бўйича Иттифоқ ҳудудий кенгаши ва ёшлар масалалари бўйича ҳудудий идоралараро кенгаш олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Йиғилишда кенгаш раиси, унинг ўринбосарлари ва ижроия қўмитаси таркиби сайланди.

1987 йилда туғилган Абат Данияров (амалдаги раис) Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг Қорақалпоғистон кенгаши раиси этиб сайланди. Тошкент шаҳар кенгаши раиси лавозимига 1988 йилда туғилган Элбек Шукуров сайланди.

Андижон вилояти кенгаши раислигига эса шаҳар ҳокимининг ёшлар масаласи бўйича ўринбосари Юсупов Нодирбек номзодига ёшлар ишонч билдирди.

Йиғилишлар 14 июлга қадар давом этади ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг барча ҳудудий кенгашларига янги номзодлар сайланади.

Мавзуга оид