Ўзбекистон | 18:18 / 06.12.2021
36623
2 дақиқада ўқилади

Сергели тумани ҳокими ўзига 35 млн сўм устама тўлаш ҳақидаги қарорга имзо чекди. Шаҳар ҳокимлиги қарорга изоҳ берди

Халқ депутатлари Сергели тумани кенгаши Тошкент шаҳар ҳокимининг бир неча фармойишларига асосан туман ҳокими Элбек Шукуровнинг "меҳнатда ташаббускорлик кўрсатгани"ни рағбатлантиришга оид қарор қабул қилди. Қарор ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Фото: Тошкент шаҳри ҳокимлиги

Халқ депутатлари Сергели тумани Кенгаш раиси, туман ҳокими Элбек Шукуров томонидан имзоланган қарорда 2021 йил июн, июл, август, сентябр ва октябр ойларига лавозим маошига устама ҳақи тўлаш учун 35 млн. сўм миқдоридаги маблағни маҳаллий бюджетнинг учинчи чорак даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратиш белгиланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, ушбу устама тўловлари ҳокимга йил бошидан бери тўланмай келгани учун йил якунида бирйўла ўтказиб берилган.

«Барча ташкилотларда ўз ходимларининг фаолиятини рағбатлантириш тизими бўлганидек, ҳокимлик тизимида ҳам барча даражадаги раҳбар ва ходимларни рағбатлантириш тизими мавжуд. Унга кўра, ҳар чоракда туман ҳокимларига уларнинг иш фаолияти натижадорлиги, эришган кўрсаткичларидан келиб чиқиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан ойлик маошига қўшимча устама ҳақи белгиланади.

Мазкур ҳолатда Сергели туман бухгалтерияси томонидан йил давомида ушбу устама ҳақи мунтазам тўланмай келинаётгани учун, йил якунида тўланмай келинган давр учун белгиланган тўловлар бирйўла тўлаб берилган.

Мавжуд қонунчилик бўйича олдиндан белгиланган миқдордаги маблағлар туман ҳокимлигининг ички ҳужжати билан тўланади.

Қарорда келтирилган суммадан ижтимоий тўловлар ва даромад солиғи ҳам олинишини қўшимча қиламиз», дейилади пойтахт ҳокимлиги муносабатида.

Мавзуга оид