Жамият | 14:50 / 18.07.2017
37108
7 дақиқада ўқилади

Аҳолини нима ташвишга солаяпти?

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида давлат органлари фаолиятига фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг илғор механизмлари татбиқ этилаяпти. Натижада фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашнинг таъсирчан механизмлари пайдо бўлаяпти.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази мутахассислари 2017 йилнинг бошидан бери аҳолининг ушбу масала юзасидан фикрини мониторинг қилиб келишади. Марказ вакиллари жами 2000 та хонадонга ташриф буюришди. Уларнинг 702 тасида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаат қилган фуқаролар аниқланди.

Сўров натижаларини умумлаштириш шуни кўрсатдики, фуқароларнинг кўпчилиги — 89,6 фоизи фикрича, давлат раҳбари томонидан асос солинган фуқаролар билан фаол ва очиқ мулоқот қилишнинг янги тизими, Халқ қабулхоналари институти аҳолининг долзарб муаммоларини ҳал қилишнинг самарали механизми ҳисобланади. Бу эса жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтиришга хизмат қилмоқда. Жорий йилнинг иккинчи чорагида ушбу тизимни қўллаб-қувватлашини маълум қилган фуқаролар сони биринчи чоракдагига нисбатан 5,3 фоиз ўсганлиги эътиборга моликдир. 

Сўровда иштирок этганларнинг 35,1 фоизи давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаат қилган. Уларнинг аксарияти тадбиркорлар, давлат хизматчилари ва пенсионерлардир.

Самарқанд, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент шаҳри аҳолиси ўзларининг ушбу ҳуқуқларидан кенг, Бухоро ва Жиззах аҳолиси эса кам фойдаланган. Тадқиқотнинг кўрсатишича, қишлоқ аҳли шаҳарликларга, аёллар эса эркакларга қараганда кўпроқ давлат органларига мурожаат қилади.  

Сўров натижаларига кўра, фуқароларнинг кўпчилиги анъанавий, яъни ташкилотлар, вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар қабулхоналари орқали ёзма ариза воситасида мурожаат қилишни мақбул, деб биладилар. Ёшлар ва ўрта ёшлилар эса интернет тармоғи орқали мурожаат қилишни маъқул кўради. Уларнинг 87,1 фоизи фикрича, Ягона интерактив давлат хизматлари портали — gov.uz  жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш ва узатишнинг самарали воситаси ҳисобланади. Бунда фуқаролар вақти беҳуда сарфланмайди, идорага шахсан келишига зарурат туғилмайди, чунки барча мурожаатлар онлайн режимида масофадан туриб амалга оширилади. 

Фуқароларнинг кўпчилиги  (81,2 фоизи) мустақил равишда, яъни бировнинг ёрдамисиз мурожаат қилган. Сўровнинг ҳар бешинчи иштирокчиси эътироф этишича, улар ариза ёки шикоят матнини тузишда қариндошлари, ҳамкасблари, танишлари ёки юристлардан ёрдам сўраган.

Давлат ташкилотларига йўлланган мурожаатларнинг мутлақ кўпчилиги  — 91,7 фоизи шахсий мазмундаги масалалар эканлиги диққатга сазовор. Фуқароларнинг жамоа бўлиб мурожаат қилиши кенг тарқалмаган. Масаланинг яна бир муҳим жиҳати, давлат органларига, асосан, ариза ва шикоятлар тушади, аммо таклифлар у даражада кўп эмас.

Бу кўрсаткич одамларда фуқаролик фаоллиги ва ташаббускорлиги етарли даражада эмаслигини кўрсатади. Кўпчилик давлат уларга ёрдам бериши керак, деб ҳисоблайди. Аммо ўзларининг амалий ишлари унча кўзга ташланмайди. 

Тадқиқотда қатнашганларнинг ярмидан кўпи турли даражадаги ҳокимликларга, 31,2 фоизи эса маҳалла фуқаролар йиғинларига мурожаат қилган. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ҳимоя қилиш ёки қайта тиклашни сўраб суд идораларига, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат этувчи органларга, пенсия жамғармасига ҳам арз қилишади. 2017 йилда 18 — 20 ёшдагиларнинг мурожаатлари кўпроқ таълим идораларига, 21 — 30 ёшдагиларники эса маҳаллаларга йўналтирилган. Сўров яна шуни кўрсатдики, респондентларнинг даромади қанча паст бўлса, улар ёрдам олиш учун шунча кўп ташкилотлар ва муассасаларга мурожаат қиладилар.

Одамларни кўпроқ коммунал хизмат, электр энергияси, ичимлик суви, табиий газ ва иситиш таъминоти масалалари ташвишлантиради. Респондентларнинг 24,1 фоизи оилавий муаммоларни ҳал қилишда ёрдам сўраган. Пенсиялар, ижтимоий нафақаларни вақтида олиш, банкдан ссуда ва кредитлар ажратишдаги тўсиқлар, сифатли тиббий хизматлар кўрсатилиши билан боғлиқ масалаларда мурожаат қилаётган фуқаролар ҳам талайгина.

Муаммони кўрмаганга олмасдан, фуқароларни қабул қилиш, уларнинг дардини эшитиш, иложи бўлса, ёрдам бериш жуда муҳим ҳисобланади. Фуқароларнинг 84,6 фоизи мурожаат қилган ташкилот раҳбари ёки бошқа мансабдор шахс уларни қабул қилганлиги ва масалани “назоратга олган”лигидан мамнунлигини билдирган. “Аризангиздан воз кечиш ёки қайтариб олиш мақсадида Сизга бирор киши руҳий тазйиқ (жумладан, таҳдид, қўрқитиш) ўтказдими?” деган саволга мутлақ кўпчилик иштирокчи (94,4 фоиз) “йўқ”, деб жавоб бергани диққатга сазовор. Шундай бўлса-да, мурожаат қилувчиларга бефарқ қараш ҳолатлари ҳали ҳам учраб турганини айтиш зарур. Сўровда аниқланишича, ҳар олтинчи респондент “ариза ёки шикоят билан мурожаат қилган ташкилот ёхуд идора мансабдор шахси томонидан қабул қилинмаганлигини” таъкидлаган.  

Ташкилот, вазирлик ёки идорага мурожаат қилган фуқароларнинг 57,8 фоизи ўз аризасига қонунчиликда белгиланган ўн беш кунлик муддат ичида жавоб олган. 8,9 фоизи эса жавобни бир ойлик муддат ичида олганликларини билдирган. Чунки шикоят ёки аризани кўриб чиқиш учун қўшимча текшириш ўтказиш зарурати мавжуд бўлган ҳолларда, истисно тариқасида, қонунчиликда бунга йўл қўйилади. Иккинчи чоракда мурожаатига ўз вақтида ҳамда умуман жавоб ололмаган фуқаролар сони камайган. Бу давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органларининг аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бўйича фаолияти такомиллашаётганидан, ижро интизоми кучаяётганидан далолат беради.

Сўровда қатнашганларнинг 72,8 фоизи ўз ариза ёки шикоятларига тегишли ташкилотлар томонидан аниқ чора кўрилганлигини маълум қилди. Биринчи чоракка нисбатан муаммосини ҳал қилиш юзасидан аниқ чоралар кўрилмади, деб ҳисобловчи респондентлар сони қисқарди (27,2 фоиз).

Тадқиқот натижаларига кўра, сўровда қатнашганларнинг ярмидан кўпи (55,5 фоизи) давлат муассасаларига мурожаат қилиш натижаларидан тўла даражада қониқади, 26,7 фоизи қисман қониқиш ҳосил қилган. Мониторингда давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларидан олинган жавобдан қониқмаганлигини билдирган фуқаролар 3,5 фоиз камайганлиги аниқланди. 

Тадқиқотда қатнашган фуқароларнинг 68,7 фоизи фикрича, давлат ҳокимияти ёки хўжалик бошқаруви органларига мурожаатлари туфайли улар долзарб муаммоларини ижобий ҳал қилишга эришган.

Мавзуга оид