Жамият | 23:39 / 24.07.2017
32609
8 дақиқада ўқилади

Муқумжонова нега 7 йилдан буён сарсон...

«Кун.uz» таҳририятига Бухоро вилоятидан мурожаат келиб тушди. Маълум бўлишича, Бухоро вилояти Когон шаҳрида яшовчи Зайнабхон Муқумжонова 2010 йилда яхши ниятлар билан “Қишлоқ қурилиш инвест” компаниясидан томонидан қурилаётган уйлардан бири учун 20 миллион сўмдан ортиқроқ бошланғич бадални тўлаган. 

Компания билан ўрталарида тузилган шартномага кўра, уй қуриб битказилгач, буюртмачи уйни кўриб чиқиб, кўнгли тўлиб, қабул қилиб олганидан сўнг бир ой ичида 23 милион сўм якуний бадалнинг тўлаши керак эди. Уй қийматининг қолган қисми, яъни, 37 миллион сўмни 3. Муқумжонова 15 йил мобайнида Қишлоқ қурилиш банкка тўлаб бориши лозим эди.

Бироқ, маълум бўлишича, уй битганидан сўнг у шартнома, лойиҳа ва смета талаблари даражасида эмас экани маълум бўлди.

Натижада 3. Муқумжонова уйни қабул қилиб олиш, уй лойиҳа шартлари асосида қайта қурилмагунича якуний бадални тўлашдан бош тортди.

Компания ходимлари эса уйни қандай бўлса шундайлигича фуқарога ўтказиш учун турли услублардан фойдаланиб кўрди.

Хусусан, туман хокими ва бошқа мансабдор шахслар томонидан имзоланган қарор қабул қилиб, уй тўлиқ битказилгани унга кириб яшаш мумкинлигини тасдиқлашди. Жумладан, туман ИИБ ЁХХБ бўлинмаси бошлиғи мазкур қарорга имзо чекиб, ўз томонидан, уй ёнғин хавфсизлиги талабларига тўлиқ жавоб беришини тасдиқлаган. Бироқ, уйда смета ва лойиҳада кўрсатилган ёнғиндан огоҳлантирувчи датчиклар ўрнатилмаган. Бутун бинода 220 вольт электр энергияси учун мослашган симлар, очиқ монтаж қилинган. Газ плитаси устига сметада кўрсатилган ёнғин хавфини минимал даражада сақлаш учун мослаган замонавий дудбўрон ўрнига ўта юпқа туникадан ясалган қўлбола мослама ўрнатилган.

Шунингдек, вилоят Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси бошлиги И. Хамраев имзоси билан бино архитектура талабларига тўла мослиги тасдиқланган. Аслида эса сув иситиш мосламаси - “Аристон”ни тўппа-тўғри ошхона раковинаси устига ўрнатилиши архитектура талабларини мутлақо бузиши ҳамма учун маълум. Бундан ташқари, 2015 йилги уйни тўла битказилгани тўғрисидаги мазкур қарорда вилоят, Давлат архитектура ва қурилиш назорати инспекцияси инспектори К. Васиевнинг ҳам имзоси мавжуд. Бироқ, негадир мазкур шахс орадан бир йил ўтиб, Зайнаб Муқумжонованинг сўровига жавобан уй қурилишида камчиликлар мавжуд деб жавоб беради. Шу ўринда, ҳозирда ДАҚН бошлиги вазифасини бажараётган К. Васиевнинг қайси маълумотига ишонишни ҳам билмай қоласан киши.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2015 йилдаги уй тўлиқ битказилгани тўғрисидаги қарорга имзо чекишдан олдин хеч бир маъсул шахс бинони бориб кўрмаган, деган хулосага келиш мумкин холос. Ваҳоланки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 3 августдаги қишлоқ жойларда уй жой 7 бандида “Давархитекқурилиш” қўмитаси якка тартибдаги уй-жой қурилишида қурилиш нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан қаттиқ назоратни амалга оширсин деб белгилаб қўйилган. 

Орада бир қанча судлар бўлиб ўтган. Судлар масалани моҳиятидан четлашиб, ишни фақат якуний бадални тўлаш масаласидагина кўриб чиқди. Ҳайратланарлиси охириги суд тўла битказилмаган, буюртмачи томонидан қабул қилиб олинмаган уй учун 3. Муқумжонованинг пенсия пулларидан якуний бадални ушлаб қолиш тўғрисида қарор чиқарди. Фуқаро суд қарорини бажариб келмоқда.

Бироқ уйни қайта қуриш ёки таъмирлаш масаласи эътибордан четда қолдирилди. 3. Муқумжонова томонидан қилинган мурожаатларга Қишлоқ қурилиш инвест компанияси 7 йилдан буён ёлғонлардан иборат жавоблар бериш билан кифояланиб келмоқда. Компания жавобларида гўёки уй қайта таъмирланган, унинг пешайвони бир метрга каттайтирилган, лойиҳадан ортиқча равишда уйга иккита унитаз, иккита раковина қўйган, ҳовлида қудуқ қазиб берилгани даъво қилинади. Аслида эса бу гўёки қўшимча қурилмалар дастлабки лойиҳанинг ўзида кўрсатиб ўтилган. Бундан ташқари, компания ходимлари ҳатто прокуратура органлари, президент девони, халқ қабулхонаси вакилларига ҳам фуқарога қўшимча ишлар қилиб берсак ҳам уйни қабул қилиб олишдан бош тортяпти, дея туҳмат қилаётгани айтилди.

— Етти йилдан буён мурожаат қилмаган идорам қолмади, — дейди Муқумжонованинг турмуш ўртоғи Саиджон Муқумжонов. — Бироқ уйни лойиҳа талабларига мослаштиришга эриша олмадим. Тўғри, бир-икки марта “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси мутахассислари келиб, ул-булни тўгрилаган бўлишди. Бироқ менинг асосий талабларим ҳанузгача бажарилгани йўқ. Судлар бўлди. Тушуниб бўлмайдиган юридик терминлар билан тўлиб-тошган, бири-бирини инкор қилувчи қарорлар чиқарилди. Бўлаётган ишлардан қониқмай, Бухоро вилояти Давлат архитектура-қурилиш назорат инспекцияси, Х.С.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказидан экспертиза ўтказишни талаб қилдим. Холис экспертлар ҳақиқатан ҳам қурилиш жараёнида лойиҳа ва смета талабларига амал қилинмагани, буюртмачи, яъни менинг оиламга катта миқдорда зарар келтирилганини исботловчи хулосалар беришди. Бироқ, ҳеч нима ўзгармади. Эшитишимча, бизнинг маҳаллани қурган пудрат ташкилоти раҳбарлари устидан ҳам жиноий суд бўлибди. Қатъий жазолар қўлланилибди. Лекин уларнинг қамалишидан бизга не наф. Оилам олдида пудратчи ташкилот эмас, балки “Қишлоқ қурилиш инвест” жавобгар, шу ташкилот билан шартнома тузганмиз. Улар пудратчиларнинг ишини назорат қилиб бориши керак эмасмиди? Ортиқча ҳеч нима талаб қилаётганим йўқ. Уйимни лойиҳа ва смета асосида битказиб беришсин. Менга бундан ками ҳам, кўпи ҳам керак эмас.

Муқумжоновларнинг адолат истаб қилган саъй-ҳаракатлари натижасида 2017 йил март ойида “Қишлоқ .қурилиш инвест” компанияси Республика бошқарувининг вакили уйни бориб кўрган. Қатор камчиликларни аниқлаган бўлиб, “Дефектный Акт” тузган. Компания томонидан камчиликларни бартараф қилиш учун 11 миллион сўм атрофида пул ажратилди. Бироқ бу маблағ камчиликларни бартараф килиш учун умуман етмас экан. Мисол учун, айвонга ўрнатилган 6 та устунларини барчаси архитектура қоидаларига мутлақо зид равишда иккита 5 см.лик япалоқ тахталарни бир бирига михлаш орқали қўлбола усулда ясалган. Бу уйнинг чидамлилигига жиддий путур етказмоқда. Устунларнинг михланган жойлари (чоки) аллақачон очилиб кета бошлагани маълум қилинди. Бундан ташқари, устунларни бу тартибда ўрнатиш лойиҳа ва смета талабларини қўпол равишда бузилиши ҳамдир. Аслида пешайвонга 6 та 20 см.лик юмалоқ яхлит ёғочдан иборат устунлар ўрнатилиши керак эди.

Қишлоқ қурилиш инвест уйдаги камчиликларни бартараф қилиш учун Муқумжоновларга бермоқчи бўлаётган 11 миллион сўм маблағ ана шу устунларни алмаштириш учун ҳам етмайди. Ваҳоланки, “Дефектный Акт”да катта ва кичик жами 27 та камчилик аниқлангани белгилаб қўйилган.

3. Муқумжонова адолат қарор топиши уйи лойиҳа ва смета талабларига қачондир мувофиқлаштирилишига ишонади. Фақат бу масала билан адолатли, ҳуқуқий билимлари мукаммал бўлган давлат идоралари ходимлари шуғуллансагина ечим топади.

Мавзуга оид