Жамият | 15:06 / 01.08.2017
42368
6 дақиқада ўқилади

Президент топшириғи асосида уй-жойлар берилди

Дунёга келган чақалоқдаги бокиралик, поклик ва беғуборлик аслида бир умрга сақлаб қолиш учун берилади. Аммо яратган инъом этган умр кейинчалик қисмат, тақдир, пешона дея изоҳланувчи не-не сўқмоқлардан ўтмайди дейсиз. Аслида эса у СИНОВ. Уни ирода билан қаршилаш, машаққатлар учраганда елкадош бўлиш онг ва жамиятнинг уйғунлигига боғлиқ. Таажжуб, дунёда неча миллиард аҳоли бўлмасин, барчасининг тақдири ўзгача.

Фарғона туманининг Ўрта қишлоғидан бўлган Салимахон Маткасирова оиладаги етти фарзанднинг бири эди. Онаси, отаси, бошқа яқинларидан ажраб қолди. Яхши ҳамки акаси бор экан. Болаликдан кўзи оғрир эди, 8-синфни тугатиш чоғида батамом кўрмай қолди. Балоғат ёши арафасидаги қиз боланинг кўзи ожизлиги камхарж оила ташвишини икки қилди. На чора, тақдир экан дедилар. Орадан йиллар ўтиб Салимахонга ҳам ўз тенгги чиқди. Оила қурдилар. Битта фарзанд дунёга келди. Фалакнинг кажрафторини қарангки салгина қувончли кунлар хам узоқ чўзилмади. Салимахон қўлида ўғли билан бева қолди.

– Энди қаёққа бораман, деган хаёл бутун вужудимни тирнаб ташлаган эди, ўшанда, - дейди у. – Эримдан кейин унинг ота-онасига “кўзи ожиз” ва боқиманда келин керак бўлмай қолди. Ота ҳовлимиздаги тўртта чоғ-чоғ хоналарда акам Абдуқаҳҳорнинг тўрт ўғли оилалари билан яшарди. Бу хоналарда ақалли дахлиз хол йўқ эди. Охир-оқибат ошхонани бўшатиб беришди, менга... Шу ерда ўғлим улғайди, касб-ҳунар коллежини битириб қўшни қишлоқдаги бир фермер қўлида сувчилик қилади, ҳозир. Топганини аранг тирикчиликка етказамиз...

Салимахон яшайдиган ҳовлида улардан ташқари 18 жон, 5 оила бор. Қишлоқда иш ўрни муаммоси тўлиқ ечимини топмаган. Норғулдек 4 йигит оиласи, бола-чақаси, ота-онасини боқаман, деб дуч келган ишни қилаверадилар.

Худодан менга ато этган неъмати – азиз жонимни қайтариб олишини илтижо қилиб сўраган тунлар хам бўлди... 

Салимахоннинг ёруғ дунёни бутунлай кўрмай келган қорачиқлари ёшга тўлди. Кейин бир оз сукут қилдида:

Бир куни йиғлаб ётиб ухлаб қолибман, тушимда ҳовлимизга оқ от кириб келиб бошини сарак-сарак қилди, ортидан эргашдим, узоқда бир нурни кўрдим. От юравер ортимдан, дегандек мен томон қараб қўярди. Уйғониб кетдим. Қарангки, шу куни уйимизга ҳокимиятданмиз, деб бир неча одамлар келди. Мен билан суҳбатлашиб кўнглимга далда бериб, президентимиз Шавкат Мирзиёев зориққанларни паноҳига олганини айтишди. Кейин яна бошқалар келишди. Энди мени ишонтиришди. Менга янги қурилган уч хонали уй ажратишибди. Дастлабки тўловини Президент совғаси деб қабул қиласиз, дейишди.

Салимахоннинг юзлари ёришиб кетди.

– Мендаги тушкунлик ўрнини хаётга, келажакка ишонч эгаллади. Демак, мен ҳам шу жамият аъзоси, шу давлатнинг тўлақонли фуқароси эканманда, деб қувондим. Бугун мен дунёга қайта келгандек, қайта туғилгандек ҳис қиляпман ўзимни!

Фарғонанинг машхур Чимён қишлоғи тепасидаги Гулшан маҳалласида Чўлпоной Сойназарова турмуш ўртоғи Икромжон Сойназаров ва икки фарзанди билан олти сотихли хонадондаги тўртта хўжаликка қўшни бўлиб яшайди. Ўзи биринчи, эри иккинчи гуруҳ ногирони.

Кўзим ғира-шира кўради, бир оёғимдаги ўсимта туфайли уни кесиб ташлашган. Мен энди шу ногирон эримдан бошқа одамга керак эмасман, деб ўйлардим. Давлатимизга, президентимиз Шавкат Мирзиёевга чексиз раҳматлар айтаман, менга ўхшаган ғариблар ва кўнгли чўкканларни ҳимояларига олишибди.

Чўлпоной боласини бағрига босиб йиғлаб юборди. Икромжон қадрдон овоз келган томон юриб уларнинг елкасидан тутди.

Мен оила бошлиғи бўлиб бирон ватан эгаси бўла олармиканман, деб кўп куюнар эдим, аллоҳ Президентимиз қалбларини меҳр, мурувватга тўлатди, бизга ҳам янги қурилган уч хонали уй ажратишди. Мўъжаз ҳовлиси ҳам бор экан. Парранда, чорва боқаман. Чўлпонойга тикув машинаси совға қилинди, у зеҳни билан чок топиб тикяпти... Кўмакка, мурувватга муҳтож эдик, минг қуллуқ давлатимизга, лекин боқиманда эмасмиз, иккимизда хам яшашга иштиёқ туғилди, қўлимиздан келганича ишлаб, уйнинг қолган қийматини ўзимиз тўлаймиз.

Тошлоқ тумани Жарқишлоқ маҳалласидаги ҳовлиларнинг бирида Дилафруз Қамбарова икки нафар фарзанди билан ота-онасининг уйида яшайди. Ўзи иккинчи гуруҳ ногирони. Атиги 3 сотихли ҳовли дарвозасидан 4 хўжалик аъзолари кириб-чиқадилар... Янги қуриб фойдаланишга топширилган уйларнинг бирига Дилафруз фарзандлари билан кўчиб келди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириғига асосан меҳнатга лаёқатлилик даражаси чекланган хотин-қизларни молиявий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш ва уй-жойга муҳтожларини бошланғич бадал суммаси тўланган ҳолда намунавий уй-жой билан таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги, вилоят “Халқ қабулхонаси” ишчи гуруҳлари томонидан жойларда ўрганишлар олиб борилиб, 27 нафар фуқаронинг рўйхати шакллантирилди. Қисқа вақт ичида уларнинг барчаси учун уй-жой қурилди. Дастлабки уч хонадон эгаларига уй калитлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси”, вилоят ҳокимлиги, кенг жамоатчилик ташкилотлари вакиллари иштирокида тантанали равишда топширилди.

Хар бир хонадон ётоқ, меҳмонхона, ошхона мебеллари билан, ҳатто уй-рўзғор буюмларигача жиҳозлаб қўйилибди. Телевизор, тикув машинаси, ҳовлида боқиш учун икки бош қўй... Бир муҳтожнинг бошини силаш шунчалар бўлар-да! Минг ташаккур, Президентимизга, - дейди Гулшан МФЙ раиси Қирғизов Авазбек.

Биз Президентимиз топшириғи асосида келгуси йилда меҳнатга лаёқати чекланган хотин-қизлар учун яна 38 та шу каби дастлабки бадали тўланган уй жойлар қуриб берамиз, - дейди Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев.

Муҳаммаджон Обидов

Мавзуга оид