Ўзбекистон | 20:00 / 01.08.2017
8016
3 дақиқада ўқилади

Сарвар Отамуратов болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш вазифаси ҳақида гапирди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 31 июль кунги йиғилишида «Болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан уларни ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда атрофлича муҳокама этилди. 

«Миллий тикланиш» партияси вакили, Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов ушбу қонун лойиҳаси болаларимизнинг маънавий-руҳий дунёсини ҳар хил хуружлардан ҳимоя қилишга йўналтирилганлиги билан муҳим аҳамиятга эгалигини айтиб ўтган.

«Уни ишлаб чиқишда нафақат вазирлик ёки давлат идоралари, балки кўпгина нодавлат нотижорат ташкилотлар фаол иштирок этганлигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Жумладан, бизни «Миллий тикланиш» демократик партияси фаоллари, фракциямз аъзолари ҳам қонун лойиҳаси юзасидан кўп ва салмоқли таклифлар билдирдилар. Уларнинг кўпчилиги инобатга олинган. Хусусан, фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳамда оммавий ахборот воситаларининг болалар соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилишдаги ваколатларини белгиланиши бизнинг таклифимиз асосида лойиҳага киритилган.

Куни кеча, Наманган вилоятининг Уйчи туманида партиямиздан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари, партиямиз фаоллари билан ушбу қонун лойиҳасини кенг ва атрофлича муҳокама қилдик. У ерда жуда кўп таклифлар билдирилди. Барча вилоятларда қонун лойиҳаси муҳокама этилиб, таклифлар умумлаштирилиб, фракциямиз томонидан маъсул қўмитага тақдим этилди.  

Қонун лойиҳасида жуда кўп камчиликлар кўзга ташланмоқда. Очиғини айтганда, у аксарият талабларга ҳам жавоб бермайди Мисол учун, қонуннинг номи тушунарсиз («Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида» деб номлаш мумкин), моддаларининг бир-бирига боғланмаганлиги ёки ундаги нормалар очиб берилмаганлигини ҳам кўришимиз мумкин. Мисол учун, қонун лойиҳасининг 5-моддасида соҳада давлат сиёсатини асосий йўналишлари кўрсатилган, лекин улар (бошқа моддаларда) етарли даражада очиб берилмаган.

Сайловолди дастуримизда ушбу ўта муҳим масалага алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, унда ёшларнинг камолотига хизмат қиладиган креатив ахборот муҳитини яратиш, болаларни уларнинг жисмоний ва маънавий-ахлоқий ривожланишига зарар етказадиган ахборотлардан муҳофаза қилиш, халқимизга ёт ва ёш авлод онги учун зарарли бўлган «оммавий маданият»нинг салбий таъсиридан ёшларни муҳофаза қилиш мақсадида уларни миллий тикланиш ғояси, миллий маданият ва қадриятларни эъзозлаш руҳида тарбиялаш вазифалари белгиланган.

Шу нуқтаи назардан, қонун лойиҳасининг концептуал асосларини маъқуллаб, уни иккинчи ўқишга тайёрлашда ва маромига етказишда фракциямиз аъзолари фаоллик кўрсатади», деган Отамуратов.

Мавзуга оид