Ўзбекистон | 17:15 / 10.08.2017
49374
3 дақиқада ўқилади

Фотожамланма: Ўзбекистон ҳарбийлари Халқаро армия ўйинларида

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги «Кун» нашрига Ўзбекистон ҳарбийларининг Халқаро армия ўйинларидаги иштирокига доир суратларни тақдим этди.

Россия, Беларусь, Озарбойжон, Қозоғистон ва Хитойнинг 22та полигонида 28та мамлакат ҳарбий хизматчилари иштирокида учинчи халқаро армия ўйинлари бўлиб ўтмоқда. 

«АРМИ – 2017» доирасида ўтказилаётган 29та танловнинг 8тасида яъни Россия Федерацияси ҳудудида кечган «Қўшин разведкаси аълочилари», «Эльбрус ҳалқаси», «Содиқ дўст», «Хавфсиз маршрут», «Йўл патрули», Қозоғистонда ўтказилган «Мерганлик марраси», Хитойда бўлиб ўтган «Қуролсоз уста», «Мусаффо осмон» танловида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчиларидан иборат 8та жамоа илк бор иштирок этишди. 15тасида эса, яъни «Танк биатлони», «Ҳарбий-тиббий эстафета», «Дала ошхонаси», «Осмон калити», «Автобронетанк техникаси устаси», «Ҳарбий ралли», «Муҳандислик формуласи», «Рембат», «Ҳамдўстлик жангчиси», «Артиллерия устаси», «УУА (учувчисиз учиш аппаратлари) экипажлари мусобақаси», «Суворов шиддати», «Хавфсиз муҳит», «Десантчилар взводи», «Авиадартс» каби мусобақаларда ўзбекистонлик ҳарбийлар кузатувчи сифатида қатнашди.

Россия Федерациясининг Тюмень вилоятидаги дала-ўқув майдонида ўтказилган «Хавфсиз маршрут» мусобақасида подполковник Р. Байбеков етакчилигидаги ҳарбий хизматчилар жамоаси мамлакат шарафини муносиб ҳимоя қилишди. Шу ўринда катта лейтенант О. Қувондиқов, лейтенант Р. Аҳмадов, сержантлар – В. Жумақулов, Ш. Давронов, кичик сержантлар – Д. Бекматов, Т. Ҳайдаров, шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскарлар – У. Мусаев, Э. Ҳасановнинг уюшқоқликда ҳаракат қилганларини алоҳида таъкидлаш лозим. Мусобақада вакилларимиз фахрли 3-ўринни қўлга киритиб, Ватанимизга ёруғ юз билан қайтишди.

Ҳарбий муҳандислар танловнинг муҳандислик-разведка дозорининг сувли тўсиқларни разведка қилишдаги ҳаракатланиши, пиёдаларга қарши миналарни аниқлаш ва зарарсизлантириш, механизациялаштирилган кўприк мажмуасини йиғиш, йўл ўтказиш учун мўлжалланган машина билан зарарланган йўлни тиклаш ҳамда муҳандислик машинаси билан йўл ўтказиш каби шартларда беллашиб, совринли ўринга сазовор бўлишди.

10 август эрта тонгда Тошкент халқаро аэропортида «Хавфсиз маршрут» танлови совриндорларини кутиб олиш тантаналари бўлиб ўтди. Тадбирда Мудофаа вазирлиги раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳамда ўқувчи-ёшлар қатнашди.

Иштирокчилар юртимиз шарафини халқаро аренада муносиб ҳимоя қила олган ҳарбийларимизни қизғин қутлашди.

 

Мавзуга оид