Жаҳон | 16:18 / 13.08.2017
6728
1 дақиқада ўқилади

Эрон ракета дастурини молиялаштиришни 520 миллион долларга оширди

Эрон парламенти якшанба куни баллистик ракеталар ишлаб чиқариш дастурига қўшимча 520 миллион доллар ажратиш, шунингдек минтақадаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) фаолиятини кенгайтиришни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси учун овоз берди. France-Presse агентлиги шу ҳақида хабар берди. 

Унга кўра, АҚШнинг ислом республикасига қарши янги санкцияларига жавобан ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аксариятнинг овози билан қабул қилинган.

"Америкаликлар бу бор-йўғи биринчи қадам эканини тушуниши керак", - дейди мажлис (парламент) раиси Али Ларижоний. 

18 июлда АҚШ маъмурияти Эрон баллистик ракета дастурини қўллаб-қувватловчи 18 ташкилот ва шахсларни қора рўйхатга киритгани ҳақида эълон қилганди. Бунга жавобан Эрон ҳукумати БМТ Хавфсизлик Кенгашига АҚШ санкциялари устидан шикоят билан мурожаат қилди ҳамда Вашингтонни ядровий битимни бузишда айблади. 

Мавзуга оид