Британиянинг энг катта ҳарбий кемаси хизмат ўташ жойига келди
HMS Queen Elizabeth авиаташувчи кемаси Британиянинг Портсмут шаҳридаги ҳарбий-денгиз базасига биринчи бор кирди. Бу база Британияда қурилган ҳарбий кемалардан энг каттаси ва Ҳазрати олиялари флотининг бўлғуси байроқдори учун “уйга” айланади. Кеманинг сув сиғимдорлиги 65 минг тоннани, узунлиги эса 280 метрни ташкил қилади.
Портга кираётган кемага ўнлаб кичик кемалар ҳамроҳлик қилган, унинг устида эса Merlin ва Wildcat ҳарбий вертолётлари ва Hawk штурмчи самолётлари учиб ўтган. Соҳилдан кемани минглаб портсмутликлар ва бу тарихий воқеани атайлаб кўргани келган сайёҳлар кутиб олишган.
“Бугун биз қудратли ҳарбий кемамизни қаршиламоқдамиз. У сафга буткул киргандан кейин Британия хавфсизлигини таҳдидларга тўла бўлган ҳозирги замонда сақлашга ёрдам беради ва бўлғуси кампанияларда ҳаводан кўмакни таъминлашдан тортиб, иттифоқдошларни қўллаб-қувватлаш ва гуманитар ёрдам беришгача бўлган бир қанча вазифани ҳал қилади”, деб айтган Британия мудофаа вазири Майкл Фэллон. Кема портга киргандан кейин унинг бортига бош вазир Тереза Мэй кўтарилган.
“Британиялик денгизчилар, шубҳасиз, дунёдаги энг яхшиларидир ва фикримча, улар дунёдаги энг яхши кемаларга лойиқлар. Queen Elizabeth айнан шундай кемадир. Бу кема Бирлашган Қиролликнинг буюк денгиз давлати эканини кўрсатувчи ҳақиқий рамзидир”, деб айтган Мэй кема экипажига юзланиб.
Кема сафга киргандан кейин 36 та F-35B самолёти ва Merlin вертолёт гуруҳини олиб юра олади. Зарурат бўлганда бортига қўшимча 12 та Chinook транспорт ва 8 та жанговар Apache вертолётларини олиши мумкин.
Queen Elizabeth’нинг максимал тезлиги 25 узелни (46 км/соат) ташкил қилади, у денгизда 3 ойгача бўлиши мумкин ва бу вақт ичида 10 минг миль йўл боса олади. Кемада зарба бериш қуроллари йўқ, унинг ягона қуроли Phalanx зенит мажмуалари, кичик калибрли қурол ва пулемёт бўлади.
Queen Elizabeth’дан кейин Портсмутга шунга ўхшаш лойиҳа бўйича қурилган Prince of Wales кемаси келиши керак. Ҳозир Шотландиядаги Росайт верфида унинг қурилиши якунланмоқда. Икки кеманинг умумий қиймати 6 млрд фунт стерлингга баҳоланганди.
Мавзуга оид
15:34 / 18.12.2024
Британиянинг нуфузли университетларидан бири Ўзбекистонда филиал очишни режалаштиряпти
11:35 / 09.12.2024
Британия Янги Тошкентда барпо этиладиган объектларни лойиҳалашда иштирок этмоқчи
12:00 / 02.12.2024
Британия Ўзбекистон металлургия соҳасига инвестиция киритишга қизиқиш билдирмоқда
11:14 / 02.12.2024