Спорт | 18:20 / 21.08.2017
8684
3 дақиқада ўқилади

ОФК Бош котиби Тошкентга келди

21 август куни Осиё Футбол Конфедерацияси Бош котиби Дато Виндсор Жон ва Осиё Футбол Конфедерациясининг футбол уюшмалари билан ишлаш департаменти бошлиғи Рави Кумар расмий ташриф билан Тошкентга келди. Бу ҳақда ЎФФ расмий сайти хабар берган.

ОФК делегациясининг ташрифдан кўзланган асосий мақсади 12 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ҳисобот-сайлов конференциясига тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишиш бўлди.

Ташриф дастурига мувофиқ ОФК Бош котиби Дато Виндсор Жон Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Мираброр Усмонов билан учрашди. Ўзбекистон Футбол Федерациясида бўлиб ўтган учрашув чоғида Мираброр Усмонов биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюраётган ОФК Бош котибига мамлакатда спортни, шу жумладан, футболни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан қисқача ахборот берди.

ОФК Бош котиби Дато Виндсор Жон Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги энг муҳим федерациялардан бири эканлигига алоҳида урғу бериб, Осиё бугунги Ўзбекистоннинг халқаро футбол майдонлардаги ютуғини тан олаётганлигини таъкидлади. Томонлар, шунингдек, ЎФФнинг ҳисобот-сайлов конференциясига доир масалалалар юзасидан ўзаро фикр ва тажриба ҳам алмашди.

Мираброр Усмонов билан учрашувдан кейин ОФК делегацияси Ўзбекистон Миллий Олимпия Қўмитасига ташриф буюриб, спортни янада ривожлантириш бўйича қилинаётган ишлар билан яқиндан танишди. Дато Виндсор Жон, шунингдек, Миллий Олимпия Қўмитаси ҳузуридаги Республика спорт тиббиёти илмий-амалий марказининг фаолиятини қисман кузатиш имкониятига эга бўлди ва марказ ҳудудида бунёд этилаётган мураккаб жарроҳлик амалиётлари бажариладиган кардио-хирургия клиникасининг қурилиш ишлари билан ҳам қизиқди.

ОФК делегацияси бугуннинг ўзида Тошкентдаги “Бунёдкор” стадионига ташриф буюриб, ўзбек футболи тарихи музейини кўздан кечирди. “Бунёдкор” бош директори Мурод Алиев ОФК бош котибига “Бунёдкор” стадионининг тарихи, қурилиши ва бугунги кунда амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапириб берди. ОФК Бош котиби Дато Виндсор Жон “Бунёдкор” стадиони фахрий меҳмонлари китобида ўз дастхатини ҳам қолдирди.

ОФК делегацияси 22 август куни Самарқандга ташриф буюради ва шаҳарнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, шу куннинг ўзида Ливанга хизмат сафарига учиб кетади.

Ташриф давомида ОФК делегациясига Ўзбекистон Футбол Федерацияси Биринчи вице-президенти ва Бош котиби, Осиё Футбол Конфедерациясининг ижроия қўмитаси аъзоси Сардор Раҳматуллаев ва Ўзбекистон Футбол Федерацияси вице-президенти Асқар Толибжонов ҳамроҳлик қилади.

ОФК делегациясининг Тошкентга ташрифи доирасида олинган суратларни мазкур ҳаволага ўтиш орқали томоша қилиш мумкин. 

Мавзуга оид