Жаҳон | 20:00 / 22.08.2017
17491
2 дақиқада ўқилади

КХДР: АҚШ туфайли Корея ярим оролида уруш чиқиши мумкин

АҚШ КХДРга босим ўтказишни бас қилиши керак, йўқса Корея ярим оролида уруш бошланади. Бу ҳақда РИА Новости агентлигига берган интервьюси вақтида КХДРнинг Россиядаги муваққат ишлар бўйича вакили Зин Чжон Хеп маълум қилган.

«14 август куни ҳурматли ўртоқ Ким Чен Ин Корея халқ армиясининг Кореялараро чегара яқинига жойлаштирилган қисмлари қароргоҳига ташриф буюрди ва ҳарбий тўқнашувларга тайёргарлик ҳолатини кўздан кечирди. Армиямиз ва халқимиз душманларнинг бу ҳаракатларини кузатиб турибди ҳамда исталган дақиқада, агарда фитналар рўй берадиган бўлса, огоҳлантирувчи зарба беришга тайёр», - дея айтиб ўтди Зин Чжон Хеп.

У америкаликлар бир томонлама босим ўтказишни бас қилиши, ўз ҳаракатлари ҳақида ўйлаб кўриши кераклигини таъкидлаган.

«АҚШ оқилона қарор қабул қилиши лозим. Корея ярим оролида уруш бўлиш-бўлмаслиги шунга боғлиқ», — дея қайд этган у.

КХДР ва АҚШ муносабатлари шимолликларнинг Гуамга ҳужум қилиш ҳақидаги кескин баёнотларидан кейин янада ёмонлашди. АҚШ президенти Доналд Трамп бунга жавобан агар Ким Чен Ин Гуамга нимадир қилса, Шимолий Кореяни мисли кўрилмаган ҳалокат кутиши ҳақида маълум қилди.

21 август куни АҚШ ва Жанубий Корея ҳамкорликда Ulchi Freedom Guardian машғулотларини бошлаган. Ҳар йили ўтказиладиган 11 кунлик машқларга 67,5 минг ҳарбий сафарбар этилган.

Мавзуга оид