Ўзбекистон | 15:50 / 22.08.2017
21199
11 дақиқада ўқилади

Зафар Ҳошимов – лотин алифбоси, ўзбек тилининг мавқейини ошириш ва чет тилларга ҳурмат сақлаш ҳақида

«Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов Telegram'даги каналида ўзбек тили, лотин-кирилл мавзуси ва чет тилларга муносабат масаласидаги қарашларини баён этди. Каналдаги бошқа постлар кирилл алифбосида ёзилгани ҳолда бу пост лотин имлосида ёзилган, муаллиф бу орқали лотин имлоси тарафдори эканини ифодалаган.

Тилни ҳурмат қилиш - ватанпарварлик

Эрталаб Facebook-лентамда бир инсоннинг 1990 йиллар бошида отаси Латвияга боргани, у ерда, гарчи ҳамма рус тилини билсада, у билан ҳеч ким қасддан рус тилида гаплашмагани, шу амаллари билан латвияликлар ўз ватанпарвар, тилпарварликларини намойиш қилганликлари ҳақидаги ҳикояни ўқиб қолдим. Ва, шу тариқа, ҳикоячи тилимизга ҳурматимиз нақадар камлиги, ҳали ҳануз кўпгина ватандошларимиз рус тилидан ўзини «озод ва мустақил» қила олмаганликларини чуқур танқид остига олдилар

Мен бу масалага бироз фарқлироқ ёндашмоқчиман.

Иқтисодда талаб ва таклиф тушунчалари бор. Яъни, талаб таклифни уйғотади, таклиф эса талабни қондиради. Бу ерда «нега унақамиз, нега бунақамиз», деб бошимизга тупроқ сепиб, хўрланишимиздан ҳеч қандай фойда йўқ.

Ва ўзбек тилининг мавқеини ошириш учун ҳаётимиздан рус ёки бошқа бирор тилни «йўқотайлик» йўсинида иш тутиш мутлақо нотўғри. Бундай қарашлар халқнинг билимини, обрўйини ва, шу орқали, тилимизнинг мавқеини ҳам янада туширади, деб ишонаман.

Хўш, халқимизнинг ўз она тилимизга бўлган талабини ошириш, уни «рақобатбардош» қилиш учун қандай ишлар амалга оширишимиз керак, деган савол туғилади.

Авваламбор, тилга таъриф берайлик. Тил — бу билим, фикр, ахборот алмашиш ва мулоқот воситасидир.

1. Билимдан бошлайлик. Масалан, замонавий математика, информатика, фалсафа, психология, иқтисод ёки бошқа исталган фан ёки соҳани олсак, бунда қарийб 90 фоиз янги билим инглиз тилида барпо бўлаяпти, қолган 10 фоизи дунёнинг бошқа тилларида (рус тилида 1 фоиздан кам). Худди шунинг учун ҳам  шахсан мен биз ўзбек тилининг (лотин алифбоси) инглиз ва бошқа чет тилларини ўзлаштиришдаги ўрнини тушунган ҳолда гарчи ўзимга ҳам кириллда ёзиш осонроқ туюлсада, лекин лотин алифбосига ўтишимизнинг қизғин тарафдориман...

Сабаби, ёшлигимизда инглиз тилини ўқитишда қарийб бир йилни лотин ҳарфларини ўрганишга сарф қилардик, шунда ҳам қатор ўқувчилар бу алифбони чала ўзлаштирар эди. Лотин ҳарфлари дунёнинг бугун кунда машҳур тилларини ўрганишимизга бир яхши қадам бўлиб хизмат қилади, деб ўйлайман.

Давом этамиз, чет тилларидаги янги асар ва тадқиқотларнинг 5—10 фоизи — энг машҳурлари — нисбатан қисқа фурсатда рус тилига таржима қилинади. Ўзбек тилига қанчаси таржима бўлаяпти, деб сўрасангиз, «0 (нол) фоизга яқин», десам хато бўлмас. Шукр қилишимиз керакки, аксарият ватандошларимиз рус тилини билади ва шунинг учун ҳам замонавий илм манбаларига шу кичиккина дарча орқали бўлса-да, назар сола билишади. Замонавий илмга катта йўл очамиз десак, ёшларимизнинг инглиз, фаранг, олмон, хитой ва шу жумладан, рус тилини ҳам ўқишга бўлган интилишиларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак.

2. Энг илғор ва қизиқарли фикрлар энг илғор ва қизиқарли илм асосида рўёбга чиқади. Бу борада ислом илмини ўрганаётган ватандош олимларимиз мисолини кўрайлик. Раҳматли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари битган китоблар, чиқарган овозли маърузалар, талайгина дин пешволаримиз, имомларимиз, уларнинг қатор шогирдлари шу кунга қадар чиқарган ва чиқараётган китоб ҳамда мақолалар, ижтимоий тармоқларда юритаётган саҳифалари шахсан мени она тилимиз бойлиги ва унда фикрни изҳор қилиш гўзаллиги билан доим ҳайратлантириб келган. Бу китоблар юз минглаб, миллионлаб нусхаларда кенг тарқалиб, ижтимоий саҳифа, сайт ва каналларда минглаб-минглаб тилдошларимизга она тилимизни тарғиб қилиб келмоқда.

Бу мисол, менимча, она тилимизга бўлган талабни қандай кучайтириш керак, деган саволга энг яққол жавоб бўла олади. Агар биз бошқа барча соҳаларга шу тажрибани қўллай олсак, яъни, олим, тадқиқотчи ва таржимонларимиз илғор дунё илмларини шу тариқа кенг оммага она тилида етказганларида эди, дунё адабиёти гавҳарлари она тилимизга сифатли таржима қилиниб, уларнинг адади сероб қилинганида эди, «Она тилимизда гаплашайлик!», деган даъватларга ҳожат қолмаган бўларди.

Шу ўринда, «Нега ваабше ўзбе тилида ёзмисиз?», деб бировларга танбеҳ берадиган танқидчиларга: «Аввал ўзингиз ўзбек тилини мукаммал ўзлаштириб олинг, сўнг бу тилда ижод қилинг; тўрт сатр шеър ёки ҳикоя битинг, ҳеч бўлмаса, кичик бир ҳикояни ўзбек тилига таржима қилинг ва Telegram, Facebook ёки бошқа ижтимоий тармоқ орқали тарқатинг; шу амал она тилимиз учун 30 йил ҳаммага «ўзбеча ёзила», «ўзбеча гапирила», деб юргандан афзалроқдир», дегим келади (ушбу танбеҳ луқмалар муаллифлар имлосида келтирилгани учун узр сўрайман).

3. Тилнинг ахборот ва мафкура воситаси сифатидаги ролига келсак, аминманки, бу алоҳида эътиборга лойиқ мавзу. Сабаби, бугунги кунда дунёда пропаганда (тарғибот ва ташвиқот ишлари) жуда кучли. Давримизнинг борлиқ ва ҳодисалари ҳақида атрофлича, холис ва тўлиқ ахборот олиш нафақат ҳозирги кунимиз, балки келажагимизни белгилайдиган энг муҳим омиллардан биридир. Шу борада айтмоқчиманки, яқин-яқинларгача ҳам мамлакатимиздаги ички ҳолат ва ташқи ҳодисаларнинг миллий оммавий ахборот воситалари томонидан ўзбек тилида ёритилиши жуда суст ва заиф эди.

Ўзбек телевидениеси, радиоси, газеталари хабарларни анча юзаки ва чала ёритар эди. Ҳатто дунёда ёки ватанимизда бўлаётган муҳим ҳодиса ва жараёнлар кечикиб берилар — баъзан чала ёритилса, баъзан мутлақо сукут афзал кўрилар эди. Бу информацион бўшлиқни, турган гапки, чет эл оммавий ахборот воситалари, биринчи навбатда — тили тушунарли бўлгани сабаб — Россия медиаси эгаллаб бошлаган эди. Бу қатор ҳолларда миллий мафкурага салбий таъсир кўрсатадиган хавфли бир аҳволдир. Бироқ сўнгги вақтларда, шукрлар бўлсинким, бу ҳол аста ўзгараяпти: миллий телеканаллар, ахборот кўрсатувлари ва муҳокамалар ривожланиб, миллий телевидениени кўриш тобора қизиқарли бўлиб бораяпти. Албатта, бу омил ҳам тилимизнинг мавқеи ва унга бўлган ҳалқ орасидаги талабни оширади.

4. Энди одамлар орасидаги мулоқотга келадиган бўлсак, юқорида қайд этилган жараёнлар ривожлангани сари, бу соҳада ҳам ижобий ўзгаришлар кўлами ошаверади. Ахир ҳамма ҳам эшитган ва ўқиганлари нарсалари ҳақида ўша эшитган ва ўқиган тилида фикр алмашиши табиий. Яъни, қанча кўп хабар ўзбек тилидаги бўлса, унинг муҳокамаси ҳам ўзбек тилида бўлиши шу қадар аниқ .

Ушбу фикрларим якунида айтмоқчи бўлган асосий ғоялар:
чет тилларини (рус тили ҳам бундан асло мустасно эмас) чуқур ўрганаверишимиз керак, бунга билимлар хазинасига калит деб қарашимиз мақсадга мувофиқдир;
шу билан бирга, ўзбек тилида кўп ва сифатли контент тайёрлаш керак — у хоҳ янги китоб, журнал, газета, интернет, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги контент бўлсин, хоҳ жаҳон адабиёти, санъати, шеърияти дурдоналари, илмий-оммабоп нашрлар, кўрсатув ёки дарсликлар бўлсин — фарқи йўқ;
оммавий ахборот воситалари соҳасида мавжуд қонун билан белгиланган концептуал ва стратегик йўналишларга риоя қилган холда, бошқа барча чекловларни олиб ташлаб, ОАВлар ривожи йўлида ҳеч қандай тўсиқлар қолдирмаслик керак. Масалан, ОАВ миллатлар, халқлар, ирқ ва дин асосида одамлар орасида зиддият ва қарама-қаршилик уйғотмаслиги, экстремизм ва терроризмнинг ҳар қандай кўринишига қарши бўлиши, миллий мустақиллигимиз ғоясини қўллаб-қувватлаши ҳамда инсон ҳуқуқлари ва қадриятларига ҳурмат билан муносабатда бўлиши каби асосий тамойилларга риоя этишини талаб қилиш кифоя. Шу принципларни қўллаган ҳолда, ОАВлар ҳар соҳада ўз аудиторияларига монанд турфа қизиқарли хабарлар бериб юрса, уларнинг сони кўп ва хилма-хил бўлса, албатта, одамларда она тилига бўлган эҳтиёж янада ошади.

Масалан, кузатишим бўйича, Халқаро пресс-клубнинг чиқишлари, UzReport TV, «Зўр-ТВ», «Milliy TV» ва янги ташкил этилган «Ўзбекистон 24» телеканали қаторида, «Дарё», «Kun.uz», «Kommersant.uz» журналистлари бу масалада шу кунларда ҳам катта ижобий қадамлар ташлаяпти. Яқинда дўстларимиз томонидан асос солинган «M-Factor» лойиҳаси ҳам шу қаторда — лойиҳа ижодкорлари ва қатнашчилари ўзбек тилида етук тадбиркорлардан муваффақият сирлари ва омиллари ҳақида интервью олиб, кенг оммага ахборот беришни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйган.

Шу айтилган мулоҳазаларни эътиборга олиб, ўзбек тилининг келажаги ва ривожи учун жон куйдираётган азиз ватандошлар, илтимос, қалбимизда она тилига бўлган муҳаббат кимда кўпу, кимда камлиги борасида бир-биримиз билан талашмайлик, бир-биримизни хоинликда айблаб, енгишга уринмайлик — шу ғайрат-шижоатимизни она тилимизнинг ҳақиқий ривожланиши йўлида ижобий ва амалий йўсинда ишлатайлик.

Эътиборингиз учун раҳмат.

PS. Дарвоқе, 1990 йиллар ўтиб кетиб — худди ўша Латвияда ҳозир исталган тилда савол беринг, ўша тилда жавоб оласиз, жумладан, рус тилида ҳам.

PPS. Мустамлака остида яшаган одамларнинг мафкурасида бу аҳволдан ҳақиқий озод бўлганлик ўтмишга ҳаяжон ва нафратсиз, қуллик комплексларисиз холис назар сола олишида намоён бўлади, аслида. Бувим раҳматли турмушидан ажраган жиянларига: «Ундан ҳали ҳам жаҳлинг чиқаяптими, бас, уни ҳануз севар экансан», — деган сўзларини рус тили ва маданиятига нисбатан аламзада муносабатда юрган баъзи инсонларга қарата такрорлагим келади.

PPPS. Баъзи жойларда ёзувим хато бўлгандир, мени бунинг учун маъзур тутинг.

Мавзуга оид