Ўзбекистон | 09:40 / 23.08.2017
97661
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон телевидениесида кўрсатувлар жонли эфирга чиқиши тўхтади

Модератор Шерзодхон Қудратхўжаев бошчилигида олиб борилган Халқаро пресс клуб сессиялари энди яқиндагина ташкил этилган «Ўзбекистон 24» ва бошқа телеканаллар эфирида тўғридан-тўғри узатилмайдиган бўлди.

Пресс клубнинг Телеграм мессенжеридаги журналистлар билан ахборот алмашинув гуруҳида 23 август куни соат 11:00да халқ таълими вазирлиги вакиллари иштирокида бўлиб ўтадиган сессияси жонли эфирда узатилмаслиги ҳақида хабар берилди.

Ҳозирча Халқаро пресс клубнинг тўғридан-тўғри эфирга узатилмаслиги борасида бирор бир расмий изоҳ берилганича йўқ.

Шунингдек, «Ўзбекистон» телеканалида «Муносабат» кўрсатуви ҳам эфирдан йўқолган. Қуддус Аъзам бошловчилигидаги бу кўрсатув ҳар ҳафтада 4-5 марта жонли эфирда узатилиб келинаётганди.

Хабарларга кўра, МТРК Медиа марказида 21 август куни бош вазир Абдулла Арипов ва Президентнинг давлат маслаҳатчиси Хайриддин Султонов раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда шундай қарор қабул қилинган. 21 август кунги йиғилишда бироз аввалроқ МТРК раиси ўринбосарлигидан олиниб, «Ўзбекистон» телеканалига раҳбар этиб тайинланган Хайрулла Нуриддинов яна лавозимига қайтарилган, «Ўзбекистон 24» телеканали раҳбари Озод Ҳамидхўжаев лавозимдан олинганди.

Мавзуга оид