Спорт | 16:10 / 28.08.2017
23310
8 дақиқада ўқилади

ЖЧ-2018 саралаши. Бизни кутаётган эътиборга молик 7 учрашув

Келаси йили Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати учун саралаш мусобақалари авж палласига кириб келмоқда. Бор эътиборимиз терма жамоамизнинг Хитой ва Жанубий Кореяга қарши баҳсларига қаратилади. Бундан ташқари, гуруҳимиздаги бошқа ўйинлар, шунингдек, Осиёдаги параллел гуруҳдаги рақибларнинг ўйинига ҳам бефарқ бўлмаслигимиз табиий. Сабаби, терма жамоамизнинг гуруҳда учинчи ўринни олиб, плей-оффда қатнашиш эҳтимоли ҳам мавжуд, демак, нариги гуруҳдаги вазиятни ҳам таъқиб қилишга тўғри келади. 

Шунингдек, бошқа қитъаларда ҳам кураш қизғин тус олганки, шу кунларда бизни кутиб турган эътиборга молик ўйинларни эслатиб ўтишни жоиз деб топдик. Терма жамоамизнинг ажойиб ўйинларидан сўнг, тинмасдан футбол томоша қилгингиз келса ёки аксинча, салбий натижадан кейин ўзингизни чалғитмоқчи бўлсангиз, мана бу ўйинлар сизга мунтазир бўлади. Ёқимли иштаҳа.

ФРАНЦИЯ – НИДЕРЛАНДИЯ

31 август, 2017 

Фото: elheddaf.com

31 август куни бўлиб ўтадиган ушбу ўйин меҳмонлар учун ҳаёт-мамот мақомида бўлиши табиий. Ҳозирда Дания ва Франция терма жамоалари 16тадан, Нидерландия эса 10 очко тўплаган. Тўғридан-тўғри йўлланма фақат гуруҳ ғолибига берилишини эътиборга олсак, ҳар бир очконинг баҳоси янада қимматлашиб кетади. 

Нидерландия терма жамоаси мағлубиятга учрайдиган бўлса, қаторасига иккинчи марта йирик мусобақадан четда қолиши мумкин. Дик Адвокаат шогирдлари Болгариядаги мағлубиятдан сўнг, гуруҳда учинчи поғонага тушиб кетганлар ва навбатдаги тур йўлланма берувчи ўрин билан фарқни 6 очкога олиб чиқиши мумкин. Қолган уч ўйинда бу фарқни йўққа чиқариш ниҳоятда мушкул. 

Дик Адвокаатнинг кутилаётган ўйинларга жалб қилган таркибида янги номларни учратмайсиз. Эътиборга молик жиҳат – терма жамоадаги сўнгги учрашувини 6 йил олдин ўтказган Райан Бабел яна жалб этилди. Бу қарорга албатта, футболчининг «Бешиктош» таркибидаги ишончли ўйинлари сабаб бўлди. 

НИГЕРИЯ – КАМЕРУН

2 сентябрь, 2017 

Африка минтақасида ҳам сўнгги босқич бўлиб ўтмоқда. 20 терма жамоа 5 гуруҳга бўлинган ва ҳар бир гуруҳ ғолиби Россия-2018 да қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритади. Бошқа ўрин йўқ. 

Қитънинг энг номдор икки жамоаси бир гуруҳга тушиб қолди. Охирги олти мундиалнинг бештасида иштирок этган Камерун бу сафар турнирни ўтказиб юбориши мумкин. Нигерияликлар ўтган 2 турда юз фоизлик натижа кўрсатиб, гуруҳни бошқариб туришган бўлса, Камерунда атиги 2 очко бор холос. Мезбонлар бу ўйинда ғалаба қозониб, иккинчи давра олдидан жуда қулай имкониятга эга бўлиб олишлари мумкин. 

Ҳар қандай турнир ҳолатида ҳам, Мозес, Муса, Ивоби, Ндиди, Ихеаначо, Абубакар, Муканджо каби таниқли футболчилар ўзаро тўқнаш келадиган ўйин барчанинг эътиборида туришга ҳақли. 

ДАНИЯ – ПОЛЬША

1 сентябрь, 2017 

Фото: Getty Images

ЖЧда УЕФА учун 13та (Россиядан ташқари) жой ажратилган. Гуруҳлар сони 9та эканини эътиборга олсак, регламент бўйича, иккинчи жамоалар ичида ҳам энг ёмон кўрсаткич қайд этган биттаси ЖЧга бориш имкониятини бутунлай йўқотади. 

Жорий ҳисоблашда, ҳозирча, айнан мана шу гуруҳнинг иккинчи жамоаси энг ёмон кўрсаткич (10 очко) қайд этиб турибди. Нисбатан тенг кучли (Польша, Дания, Черногория, Руминия) жамоалардан тузилган ушбу гуруҳда очко олиш қийин бўлиши табиий. Демак, бугунги вазият курашни янада қизитиб юборади. 

Дания терма жамоаси гуруҳда яққол пешқадамлик қилаётган Польшани мағлуб этсагина, йўлланма учун курашни давом эттира олади. Акс ҳолда, 2-ўринларнинг энг бахтсизини айнан шу гуруҳдан қидирсак ажаб эмас.   

УРУГВАЙ – АРГЕНТИНА

1 сентябрь, 2017 

Фото: notife.com

Саралаш ўйинларини жуда кучли бошлаган уругвайликлар сўнгги 3 ўйинда мағлубиятга учрадилар ва хавфли чизиққа яқинлашиб қолдилар. Аргентинанинг ҳолатига ҳам ҳавас қилиб бўлмайди, демак биргаликда ҳисоблаганда 4 марта жаҳон чемпиони бўлган бу икки машҳур жамоа айнан мана шу хавфли қизил чизиқ атрофида куч синашадилар. 

Уругвай 23 очко билан учинчи, Аргентина эса, 22 очко билан бешинчи ўринда бормоқда. Суареснинг жароҳати Табаресни чеклаши табиий, аммо яқинда «Жирона» сафида «Атлетико» дарвозасига дубль қайд этган Стуани Каванига шериклик қилиши мумкин. Аргентина ҳужумчиларида ҳаммаси жойида – Месси ҳам, Дибала ҳам тинмай гол уриб турган палла.  

ИСПАНИЯ – ИТАЛИЯ

2 сентябрь, 2017 

Фото: Sky Sports

18 имкониятдан 16тадан очко тўплаган бу икки терма жамоа В гуруҳини пешқадам сифатида якунлашлари аниқ. Аммо плей-оффга қолиб кетмаслик учун ҳам, гуруҳ ғолиблиги учун кураш қаттиқ бўлади. Жамоаларнинг Туринда бўлиб ўтган ўйинида 1:1 ҳисоби қайд этилганди. 

Ғалаба айниқса, Италияга кўпроқ зарур бўлса керак. Чунки ҳозирда тўплар нисбати бўйича испанлар гуруҳда биринчи бўлиб турибдилар. Испания кейинги турда Лихтенштейнга қарши ўйнашини эътиборга олсак, тўплар нисбатини янада яхшилаб олиш имкониятига эгалар. Италия эса, Лихтенштейн билан ҳар икки ўйинни ҳам ўтказиб улгурган. 

Яна бир эътиборли жиҳат, Испания терма жамоасига уч йиллик танаффусдан сўнг, ҳозирда МЛСда тўп сураётган Давид Вилья қайтди.   

УКРАИНА – ТУРКИЯ

2 сентябрь, 2017 

Жаҳон чемпионати саралаш босқичларининг энг омадсиз жамоалари сифатида айнан Украина ва Туркияни кўрсатиш мумкин. 2002 йилги жаҳон чемпионатида бронза медалларни қўлга киритган турклар шундан буён саралашларда омадсизликка учрамоқдалар. Украинани ҳам ЖЧ-2006 да кўрсатган ўз тарихидаги энг яхши натижа (чорак финал) кўрсатганларидан буён, мундиалда кўрмаймиз. 

Гуруҳда учинчи ва тўртинчи ўринларни эгаллаб турган бу икки жамоанинг ўзаро ўйини ҳақиқий жангга айланиши табиий. Ушбу ўйинда ғалаба қозонган жамоагина кейинги турларда Исландия ва Хорватияни таъқиб қилиш имконини сақлаб қолади, холос. Туркларнинг кейинги ўйини Хорватияга қарши кечади. Ўша ўйинга ҳам алоҳида эътибор қаратиш мумкин. 

КОЛУМБИЯ – БРАЗИЛИЯ

5 сентябрь, 2017 

Фото: eltiempo.com

Қаторасига 8 ўйиндан бери фақат ғалаба қозонаётган Бразилия терма жамоасини ким тўхтата олади? Албатта, энг яхши номзод – гуруҳда иккинчи ўринда келаётган Колумбия. Якунда пентакампионларга етиб олиш имконсиз бўлса-да, колумбияликларнинг бўшашишга ҳаққи йўқ, зеро Чили, Уругвай, Аргентина каби жамоалар орқадан изма-из таъқиб қилиб келмоқдалар. Бу жамоалардан бири йўлланма тарқатилаётганда четда қолиб кетишини ўйласак, бу ўйинга ҳам кўп нарса тикилганини тан олишга мажбурмиз. 

Хосе Пакерман бу учрашувга энг кучлиларни йиғди. Францияда мавсумни жуда сермаҳсул бошлаган Радамел Фалькаодан ҳам умид жуда катта. 

БОНУС: 
ПАНАМА – ТРИНИДАД ВА ТОБАГО, ҲОНДУРАС - АҚШ

5 сентябрь, 2017 

Кучли бешликда ўйинлар кўпроқ бўлади. Агар юқорида санаб ўтилган ўйинлар ҳам сизнинг одатий футбол чанқоғингиз учун камлик қилса, эътиборингизни Панама – Тринидад Тобаго суперматчига қаратамиз. Йўқ, бу ерда хазил йўқ. Ростан ҳам аста секинлик билан АҚШ, Панама ёки Ҳондурас терма жамоаларига эътибор қаратишни бошласак бўлади. Чунки, плей-оффнинг сўнгги босқичида ОФК нинг бешинчи жамоаси КОНКАКАФнинг тўртинчи жамоасига қарши баҳс олиб боради ва мундиалнинг энг сўнгги йўлланмаси тақдирини ҳал қиладилар. Ўша ерда биз ҳам бўлишимиз ҳам мумкин.  

Қ.Асланов тайёрлади. 

Мавзуга оид