Фотожамланма: Дунёда ўхшаши йўқ энг ноёб уй
Фақат тижорий объектлар қурилишидагина шошилиш мумкин. Ўзингиз учун уй-жой бунёд қилишда эса, шошилиш мақсадга мувофиқ эмас, айниқса саҳрода. У қанча керак бўлса, шунча давом этиши мумкин. Рельеф қанча мураккаб бўлса, шунча яхши деб ҳисобловчи меъмор Кен Келлог лойиҳаси билан саҳрода барпо этилган уй қурилиши 20 йил давом этган, бироқ якуний натижа шунга арзирли чиққан. Trendymen ушбу уйнинг суратлари ва у ҳақидаги баъзи маълумотлар билан бўлишди.
Ташқи кўринишидан ноёб жониворни эслатувчи саҳро ҳужраси Жанубий Калифорниядаги Joshua Tree номли жойда жойлашган.
Айнан шу ерда қўним топиш ғояси 80-йиллар охирида шу ердан 10 акр ерни қўлга киритган Бева ва Жей Дулитлларнинг хаёлига келган.
Улар ўша пайтлар қурилиш учун лойиҳа излаётиб, мураккаб ландшафтда қурилишларни лойиҳалаштириш билан шуғулланган истеъдодли меъмор Кен Келлогга таклиф йўллашган.
Бева Дулитлнинг сўзларига кўра, манзилга етиб келган меъмор бўлғуси қурилиш учун илҳом ва материал излаб, майдон бўйлаб тоғ эчкиси каби сакраб юрган.
Табиийки, қурилиш материали сифатида у ерда жуда кўп бўлган тоғ жинсларидан ҳам қисман фойдаланилган.
Бўлғуси уйнинг асосий тузилмавий хусусиятлари уйни гўёки атроф-муҳитдан ниқобловчи катта бетон қовурғалардан иборат.
Келлогнинг лойиҳаси асл ҳиндуларнинг тарихий қурилмаларига ўхшаб кетади, уларнинг пуэбло ҳужралари Америка чўллари ҳудудида кенг тарқалган бўлган.
Саҳро уйи ер сатҳидан баландда эмас, у гўёки ер узра ёйилгандек кўринади. Уй шовқиндан йироқ ландшафт билан ажойиб уйғунлашган.
Буюртмачилар Кен Келлогга деярли тўлиқ эркинлик бериб, вақтга ҳам қарамай ўз салоҳиятини намойиш қилиш имконини яратишган.
Асосий пойдеворнинг қурилиши 1993 йилда тугалланган, аммо жалб қилинган дизайнер Жон Вугриннинг иши яна кўп йиллар давом этган.
Келлог томонидан яратилган концепция интерьерларда табиий ёруғликнинг роли катта бўлишини кўзда тутган. Дизайнер ҳам бундай индивидуал лойиҳани яратишда унинг фикрлари билан ҳисоблашишига тўғри келган.
Улкан ёғоч аркалар, ғаройиб столлар ва буюртма бўйича ишланган ёритгичлар бугунга қадар ўхшаши бўлмаган ноёб интерьерни шакллантирган.
Дизайннинг ажралмас қисмига айланган тоғ жинслари Саҳро уйи меҳмонларининг бир сонияга ҳам қаерда эканликларини унутишларига йўл қўймайди.
Ётоқхонадаги умуман яшириниб бўлмайдиган ёруғлик нурлари ҳар қандай соат қўнғироғидан яхши иш беради.
Уй кўчиб ўтиш учун анча олдин тайёр бўлганига қарамай, Дулитллар унга 2000-йиллар бошидагина кўчиб ўтишган.
10 йилдан кейин ҳозирда 66 ва 71 ёшда бўлган оилавий жуфтлик уйга сарфланадиган харажатларини қисқартирмоқчи бўлишган ва уни 3 миллион долларга сотувга қўйишган.
Баъзи маълумотларга кўра, АҚШ Миллий парки яқинида жойлашган Саҳро уйи ҳозирда хусусий дизайн-меҳмонхона сифатида хизмат кўрсатмоқда.
Мавзуга оид
10:15 / 24.12.2024
Кўп квартирали уйлар қурилиши юзасидан мурожаатлар сони кўпайди
10:34 / 05.12.2024
Ҳокимлик балансидаги ордерли уйни расмийлаштириб беришни ваъда қилган шахс ушланди
07:24 / 02.09.2024
Суд қарорисиз ва уй эгасига компенсация тўламасдан туриб уй-жойни бузиш тақиқланади
10:52 / 10.08.2024