Спорт | 17:30 / 08.09.2017
11087
2 дақиқада ўқилади

ФИФА Деле Аллини жазолаши мумкин

ФИФА «Тоттенҳэм» ва Англия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Деле Алли устидан иш қўзғади. 

Англия терма жамоасининг Словакияга қарши учрашувида Алли ўрта бармоғини кўрсатган ҳолда, одобсиз ҳаракат қилганди. Трансляция чоғида, бу ҳаракат учрашув ҳакамига қаратилган, деб тахмин қилиниши мумкин эди. Гап шундаги ўша пайтда ҳакам Мартин Шкртелнинг унга ишлатган қўполлигини эътиборсиз қолдирганди. 

Аммо ўйиндан кейин Алли бу ҳаракатни ҳакамга эмас, дўсти Кайл Уокерга ҳазил тариқасида кўрсатганини айтди. Терма жамоа мураббийи Гарет Саутгейт ва «Тоттенҳэм» устози Маурисио Почеттино футболчининг бу оддий ҳаракатига жиддий эътибор қаратмаслик кераклигини таъкидлашди.  

Аммо BBC нашрининг ёзишича, ФИФА иш юзасидан суриштирув ишларини бошлаб бўлган. Футболчи сентябрь ойи охирларида жазоланиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, Англия терма жамоаси  жаҳон чемпионати саралаш ўйинларини яна икки турдан сўнг якунлайди. 5 октябрь куни Словения, 8 октябрь куни эса Литвага қарши ўйинлар бўлиб ўтади.

Мавзуга оид