Жаҳон | 17:56 / 13.09.2017
10855
3 дақиқада ўқилади

Ирсийшунослар ёқутлар ва нганасанларнинг чидамлилиги сирини кашф қилишди

Россия ва АҚШ ирсийшунослари ёқутлар ва нганасанлар ДНКларини ўқиб чиқиб, ажойиб кашфиётга дуч келишди. Унга кўра, шимолий қутбга яқин жойларда истиқомат қилувчи ушбу элатларда генларнинг ноёб намунаси мавжуддир. Айни шу нарса доимий совуқ ҳарорат, қутб туни ва деярли ҳайвон ёғларидан иборат таомларни тановул қилиш шароитида яшаб қолиш имконини беради. Molecular Biology and Evolution журналида чоп этилган мақолада шу ҳақда сўз боради.

"Биздаги маълумотлар таҳлили бизга Сибирь шимолида яшаш билан узвий боғлиқ 7 та генни ажратиб олиш имконини берди. Уларнинг учтаси овқатланиш, айниқса ёғлар метаболизми билан боғлиқ. Бу эса, ёқутлар, нганасанлар ва шимолда яшовчи бошқа халқлар ҳайвон ёғларига бой таомлар истеъмолига табиатан мослашганини билдиради. Бунга қўшимча равишда, уларнинг барчаси қувват ишлаб чиқишда, оқсиллар алмашинуви ва ҳужайралар мембраналарида муҳим ўрин тутади", — дея ҳикоя қилади Аризона университети вакили Райан Гутенкунст (Ryan Gutenkunst). 

Эскимослар, чукчалар ва бошқа шимолий элатлар, шунингдек, Тибет аҳолиси ирсийшуносларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Чунки улар жанубий минтақаларда истиқомат қилувчи кишиларга қараганда ўта ноқулай шароитларда яшашга мослашишган. Масалан, тибетликларнинг ирсий тадқиқоти шуни кўрсатганки, ушбу тоғлик аҳоли "денисовчилар" деб аталувчи қадимги одамлар генларини ўзларида сақлаб қолишган. Бу эса, баланд тоғли жойларда кислород камлигига мослашишда ёрдам берган. 

Гутенкунстга кўра, муаммо шундаки, ушбу шимоллик ва тоғлик халқларнинг "тоза" кўпайиши бугунги кунда деярли йўқолиб кетгани тоғ ва шимолнинг оғир шароитларида аждодларига тирик қолиш ва кўпайиш имконини берган ДНКларнинг уларга оид қисмини топишга халақит қилмоқда. Масалан, айни вақтда Россияда нганасанлар сони минг нафардан кам. Ёқутлар 480 мингга яқин кишини ташкил этади. 

"Табиат инжиқликлари билан кураш", олимларнинг қайд этишларича, бутун бир генлар тўплами пайдо бўлишига олиб келган. Айнан шу ёқутлар ва нганасанларга фақат гўшт ва ёғли том билан овқатланишга ҳамда саломатлиги билан муаммоларга дуч келмаслигига имкон берган. 

Мавзуга оид