Ўзбекистон | 12:30 / 18.09.2017
101623
5 дақиқада ўқилади

Тошкент молия институти яна саҳна марказида: МТЖ ҳам бунақа футбол кўрсатмаган!

«2017 йил август ойидаги имтиҳонлардан «қуруқ» чиққан Тошкент молия институти ўз репертуарига содиқ қолган ҳолда, янги «саҳна кўринишлари»ни намойиш этмоқда», деб ёзади блогер Мирзо Субҳанов  ўз блогида.

Унинг олиб борган кичик суриштирувига кўра, «бу галги кўзбўямачилик институтга янги ўқитувчиларни «ишга олиш», аниқроғи, «ишга олмаслик» билан боғлиқ».

«Гап шундаки, ТМИ томонидан 2017 йил 6 сентябрь куни бандликка кўмаклашиш марказининг расмий сайтида «Олий ўқув юрти ўқитувчиси» лавозимига 24 янги иш ўринлари таклиф этилган. Бу вакансиялар бўйича «Тошкент оқшоми» газетасида ҳам эълон чиқарилган. Фақат «тасодифан» институт расмий сайтида бу бўйича маълумот берилмаган, холос.

Вакансияда институтнинг кадрлар бўлими телефони жойлаштирилган. Берилган телефон рақамларига боғланганимизда, қуйидаги жавоб бизни ҳайратга солди:

«Бизда дарслар август ойидаёқ тақсимлаб бўлинган ва бўш иш ўринлари мавжуд эмас

Расмий сайтда 24та янги иш ўрни қаердан пайдо бўлган, деб институт жойлашган ҳудуд бўйича — Юнусобод бандликка кўмаклашиш  марказига мурожаат этдик. Марказ Тошкент молия институти 4 сентябрь куни 24та вакансия эълон қилганини расман тасдиқлади ва ҳаттоки бу вакансия бўйича 13 сентябрь куни герб муҳрли «ишга йўлланма»ни расмийлаштирди.

Расмийлаштирилган йўлланма билан биз Тошкент молия институтига отландик. Олдинда бизни янги ва янги саргузаштлар кутар эди.

Институтнинг кадрлар бўлимига йўлланмани тақдим этишга ҳаракат қилганимизда, «сиз кечикдингиз, биз одам олиб бўлдик», деган жавобни олдик. Ҳолат юзасидан эътироз билдирганимизда, кадрлар бўлими — ўқув услубий бошқарма бошлиғига, ўқув услубий бошқарма бошлиғи ўз навбатида — институт кенгаш котибиятига, котибият — кафедра мудирларига, кафедра мудирлари «эстафета таёқчаси»ни яна кадрлар бўлимига йўллади.

Квадрат бир тепар услубини яхши ўзлаштирган ТМИ футболчиларга ҳатто миллий терма жамоамиз аъзолари ҳавас қилса арзийди!

Бу ҳолатни назарий ўрганишга ҳаракат қилайлик: Тошкент молия институти 24та вакансияни нима учун эълон қилди?

5 йилда бир марта ҳар бир вакант жой қайтадан танлов асосида расмийлаштирилиши керак экан.

Нима учун бу вакансиялар бўйича маълумотлар яширилмокда?

Чунки институт «кўчадан келган»ларни ишга ололмайди! «Бегоналар» институтда бўлаётган коррупция ва бошқа қонунбузарликларни ташқарига олиб чиқишидан хавотир бор! Шунинг учун янги иш ўринларига номзодлар «содиқ аскарлар» бўлмиш кафедра мудирларига юклатилган. Улар ўзлари ўқитувчилар қабули билан шуғулланади. Одамларни текинга ким ишга олади ахир?

Хўш, муаммонинг ечими борми?

Олий таълим муассасалардаги ўқитувчи кадрларни ишга олиш ва кадрлар малакасини ошириш буйича Олий таълим вазирлиги шуғулланиши керак. Вазирлик ўқитувчи кадрларнинг республика бўйича ягона рейтинг тизимини жорий қилиши ва бу рейтингда кадрнинг иш стажи, маълумоти, хорижий тилларни билиши, расмий сертификатлари, илмий салоҳияти ва бошқа критериялар инобатга олиниши керак.

Олий таълимдаги кадрларни беш йилда бир эмас, балки ҳар йили август ойида ҳамма олий ўқув юртлари учун ягона танлов асосида қабул қилишни жорий этиш зарур. Кадрлар рейтингидан университет ва институтларнинг умумий рейтинги чиқарилиши керак. Рейтинги баланд кадрлар хоҳлаган Олий ўқув юртида ишлашларини таъминлаш ва ўқув юртлари орасида кадрлар алмашинувини жорий этиш мақсадга мувофиқ.

Ҳаттоки Тошкентдаги машҳур Westminster халқаро университети танлов орқали ишга қабул қилади.

Ҳурматли санъат ишқибозлари! Тошкент молия институти театр жамоаси кўрсатаётган тамошаларга марҳамат!» — деб тугатади ўз блогпостини Мирзо Субҳанов.

Мавзуга оид