Спорт | 20:45 / 04.10.2017
22368
2 дақиқада ўқилади

13 йил ўтиб. АПЛ тарихидаги энг машҳур сирлардан бири очилди

«Челси» яримҳимоячиси Франсеск Фабрегас Sky 1 телеканали орқали эфирга узатилган A League of Their Own кўрсатуви орқали АПЛ тарихидаги ўз вақтида энг машҳур бўлган воқеани тан олди.

Кўрсатув бошловчиси Жеймс Корден футболчига 2004 йилнинг октябрида содир бўлган воқеани эслатиб савол берган. Ўша вақтларда Фабрегас «Арсенал» сафида тўп сурарди. «Манчестер Юнайтед»га қарши учрашувдан сўнг (0:2) лондонликлардан кимдир «МЮ» бош мураббийи Алекс Фергюсоннинг юзига қарата пицца улоқтирган.

«Арсенал»нинг собиқ сардори, ҳозирги кундаги эксперт Мартин Киоун эслаганди: «Эсимда бор, у испаниялик йигит эди, жуда яхши техника эгаси бўлган. Ҳаттоки пицца улоқтирганда ҳам у ажойиб техникасини намойиш этган».

Фабрегас бу гаплардан кейин Фергюсонга пиццани айнан у отганини тан олди. «Ҳа, мен отгандим! Аммо Мартин Киоун – алдаяпти, ахир мен яхши эслайман, у менга орқасини ўгириб турган ҳолда ким биландир гап талашаётганди. Мен эса ўша жойдан туриб пиццани улоқтиргандим. У Фергюсонга бориб текканди», – дея гапириб ўтган испаниялик футболчи.

Мавзуга оид