Ўзбекистон | 17:37 / 18.10.2017
10543
1 дақиқада ўқилади

Жавлон Ваҳобов АҚШда ишонч ёрлиқлари нусхаларини топширди

Фото: Uzdaily

Ўзбекистоннинг АҚШдаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жавлон Ваҳобов ишонч ёрлиқлари нусхасини 17 октябрь куни АҚШ Давлат департаментининг баённома раҳбари вазифасини бажарувчи Кэтрин Ҳендерсонга топширди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг хабар беришича, маросимда АҚШ Давлат департаментининг Ўзбекистон ва минтақа билан муносабатларига масъул бўлимлари раҳбарлари иштирок этишди.

АҚШ Давлат департаменти вакиллари Ўзбекистоннинг Қўшма Штатлардаги янги элчисини мамнуният билан кутиб олишди ва келгусида икки томонлама муносабатлар янада фаолроқ ривожланишига умид билдиришди.

Америка дипломатик баённомасига кўра, шу пайтдан бошлаб Жавлон Ваҳобов амалда ўз вазифасини бажаришга киришди. Оқ Уйда ишонч ёрлиқларининг асл нусхаси АҚШ президенти Дональд Трампга тақдим этилганидан сўнг, элчининг мақоми юридик жиҳатдан белгилаб қўйилади.

Эслатиб ўтамиз, бу лавозимга тайинланишидан олдин Жавлон Ваҳобов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган.

Мавзуга оид